Линклар

logo-print

Умид фақат президентда қолди

  • Гулнора Равшан

Тожикистоннинг Рудакий туманидаги Зайнабобод қишлоғидан келган элликка яқин фуқаро ўз уйлари бузиб ташланаётганидан норозилик билдириб, Бош прокуратура биносини пикет қилди.

Маълум бўлишича, 1997-2005 йиллар давомида Зайнабобод қишлоқ кенгаши ва ўша ҳудуддаги паррандачилик фабрикасига тегишли қаровсиз ерлар туман ижроия ҳокимияти қарори асосида тахминан 400 оилага ажратиб берилган. Бироқ туманнинг ўша пайтдаги раҳбарлари вазифаларидан четлаштирилгач, улар имзолаган қарорлар бекор қилингани боис кўп сонли фуқаро томонидан қурилган иморатлар ноқонуний, деб топилган.

Бибиҳаво исмли намойишчининг айтишича, Бош прокуратура ёнида норозилик йиғини ўтказилишига 18 сентябрь куни маҳаллий маъмурлар томонидан учта уй бузиб ташлангани сабаб бўлган.

“Мен саратон касали билан оғриганман. Уйда биринчи гуруҳ ногирон болам бор. Кеча туш пайти эди. Рўза маҳал ҳамма дам олаётган эдик. Бир пайт қўшнимнинг уйидан болаларнинг йиғи овози эшитилди. Югуриб чиқсак, иккита бульдозер уй деворларини ағдариб ташлаяпти. Ахир шу ҳам инсофданми? Рамазон пайтида одамлар савоб ишлар қилишга интилиши керак”, - деди аёл куюниб.

Норозиларни бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Шариф Ражабов қабул қилди. Аммо у: “Ўзларинг айбдорсизлар, энди ноқонуний ўзлаштирилган ерларни илгариги ҳолатига келтириб, давлатга қайтариб беришларинг шарт”, - деган.

Пикетда қатнашган Гулчеҳра Бобожонова қишлоқ аҳли ҳукумат амалдорлари найранги қурбони бўлаётганини таъкидлади.

Гулчеҳра тўрт хонадан иборат пахсали уйи Россияда ишлаб турган турмуш ўртоғи топган даромад эвазига солинганини, агар ҳукумат расмийлари адолатсизларча бу уйларни бузиб ташласа, бошқа борар жойи йўқлигини маълум қилди.

Рудакий тумани прокурори ўринбосарининг “Озодлик”ка берган маълумотига кўра, Зайнабобод қишлоқ кенгашининг собиқ раиси Рисқинисо Худойбердиева ва паррандачилик фабрикаси директори Ҳасан Азимов томонидан ажратилган ерлар ноқонуний расмийлаштирилган. Айни пайтда бу шахсларга нисбатан жиноят иши очилган.

“Бироқ қаровсиз ерларни обод қилиб, уй-жой солган фуқароларни кўчага ҳайдаш ўрнига Рудакий тумани ҳокими битта қарор асосида ўша 43 гектардан иборат ерни қонунийлаштириши ва шу билан муаммо ҳал бўлиши мумкин”, - деди прокурор ўринбосари.

Демак, қиш арафасида оддий фуқароларнинг келгуси тақдири Рудакий тумани ҳокимлиги мулозимларининг битта имзосига боғлиқ.

Бироқ туман расмийлари отдан тушса ҳам эгардан тушмаётганини кутиб чарчаган оддий фуқаролар Тожикистон президенти саройига бормоқчи.
XS
SM
MD
LG