Линклар

Абдулҳафиз Жалоловнинг муносиб ўринбосарлари ким?

  • Замира Шукур

Аксар кузатувчи ва ўзбекистонликларнинг мутлақ бари мамлакатда декабрда ўтадиган президент сайловида битта номзоднинг қатнашиши ва шак-шубҳасиз ютиб чиқажагини ҳозирданоқ комил ишонч билан гапирмоқда.

Бу номзод Ўзбекистон компартиясининг биринчи котиби сифатида 1989 йили ҳокимият тепасига келганидан бери мамлакатни якка ўзи бошқариб келаëтган Ислом Каримовдир. Аммо ҳозирча жумбоқ Ўзбекистоннинг жорий конституцияси бир шахснинг икки муддатдан ошиқ президент бўлишини тақиқлаб турган бир пайтда 16 йилдан бери президент бўлиб келаëтган шахсни яна 7 йилга президент қилишнинг қайси қонун ва ҳуқуқий асосда оқланишидир. Айни дамларда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Ислом Каримовнинг номзод сифатида рўйхатга олинишини оқловчи ҳуқуқий далиллар излаëтган бўлса, ажаб эмас. Мустақил кузатувчилар ҳозирча бу оқлов ва далилларнинг қандай бўлажагини фақат тахмин қилмоқда, холос.

Дастлабки тахминни ҳам мамлакат ичкариси, ҳам ташқарисидаги кузатувчилар ҳақиқатга энг яқин, деб айтмоқда.

“Бу сценарийга кўра, Ислом Каримов Ўзбекистон конституциясига ўзгартишлар киритилгани, яъни 2002 йилги президентлик муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилганидан кейин фақат бир муддат президентликка сайланган, деб топилади. Унинг янги конституция кучга киргунга қадар қилган президентлиги муддати инобатга олинмайди ва И.Каримовнинг айнан конституцияга мувофиқ яна 7 йиллик муддатга президентликка ҳаққи бор, деб топилади”, - дейди мустақил шарҳловчи Санобар Шерматова.

Лондондаги Халқаро муносабатлар бўйича қироллик институти шарҳловчиси Ширин Акинер ҳам И.Каримовни ҳокимиятда қолдириш учун айни шу сценарийнинг энг мақбул эканини айтади.




“Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида айнан шундай асос билан амалдаги президентлар ҳокимиятда қолди ва на маҳаллий ва на халқаро майдонда ҳеч ким бундай асосни ҳуқуқий жиҳатдан шубҳа остига олмади”, - дейди Акинер хоним.

И.Каримовни ҳокимиятда яна қолдириш бошқа ҳуқуқий йўл билан асосланишини тахмин қилаëтганлар ҳам йўқ эмас.

Бу тахминга кўра, Ўзбекистон Олий Мажлиси махсус сессия ўтказиб, Ислом Каримовдан мамлакатдаги барқарорлик кафолати сифатида яна президент бўлишни сўрайди ëки бу масалани умумхалқ муҳокамасига олиб чиқишни таклиф қилади.

Профессор Юрий Фëдоров ана шу тахминни илгари сураëтганлардан бири.




“Парламент МСКдан Ислом Каримов номзодини рўйхатга олишни якдиллик билан сўрайди ëки бу масала юзасидан референдум ўтказишга қарор қилади. Бу таклифдан қайси бири танланган тақдирда ҳам И.Каримов яна ҳокимиятда қолади”, - дейди Ю.Фëдоров.

Биринчисидан фарқли бу тахмин эҳтимолига эътироз билдираëтганлар анчагина. Мухолифлар фикрича, ушбу сценарийни қўллаш вақти ўтиб бўлди ва президент сайлови куни расман эълон қилингандан сўнг яна парламент махсус сессияси ëки референдум ўтказиш И.Каримов ва саройидагиларни анча кулгили вазиятга солиб қўяди.

И.Каримовни ҳокимиятда қолдиришни оқлаш учун унинг атрофидагилар учинчи ҳийлаи шаърийни қўллаши мумкин, дегувчилар ҳам йўқ эмас.

Америкалик шарҳловчи Брюс Паннирнинг айтишича, жума куни сайловолди кампанияси расман бошланишига қарамай, МСКдан рўйхатга ўтиши мумкин бирор даъвогарнинг ўз номзодини қўйиши мумкинлигига бирор ишорат йўқ.

“Бундай шароитда Ўзбекистонда кутилмаган сценарий ишга солиниши мумкин. МСК мамлакатда конституция талабларига мувофиқ президентликка номзод сифатида рўйхатга олишга лойиқ бирор одам топилмади, деган хулосага келади ва лозим ҳужжатларни амалдаги президентга топширади. Бундай вазиятда Ислом Каримов: “Қаранг, мамлакатда президент бўлишга лойиқ бошқа одам йўқ экан. Ўзбекистон барқарорлигини таъминлаш мақсадида келаси сайлов муддатига қадар бундай оғир ишни яна ўз зиммамга олишга мажбурман”, дейиши мумкин”, - дейди Брюс Паннир.

Гарчи бу сценарийнинг анча комик характерда эканини тан олса-да, Брюс Паннир 2000 йилги сайловда И.Каримовга муқобил даъвогар бўлишга мажбур қилинган Абдулҳафиз Жалолов тақдири ўзини шундай ўйга ундаëтганини айтади.

“Шўрлик Жалолов ўзини дунë кўз ўнгида кулгига қўйиб бўлса-да, И.Каримовга овоз берганини айтган эди. Шунга қарамай, сайловдан кейин бу одам сиëсий майдондан тўсатдан ғойиб бўлди ва бугун Ўзбекистондаги қўғирчоқ партиялар ичидан номзод бўл, деб тепадан топшириқ берилса ҳам президентликка номзодини қўйишга ботинадиган одам топилишига шубҳам бор”, - дейди Брюс Паннир.
XS
SM
MD
LG