Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:47

Даъвогарлар яна биттага кўпайди


Ўзбекистонда декабрь ойида ўтадиган президент сайловига ўз номзодини қўшиш истагида бўлганлар сафига яна бир киши қўшилди. Бу қашқадарёлик эркин ижодкор Акбар Алиевдир.

“Озодлик” мухбири А.Алиевни топиб, у билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

“Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилганман. Ҳозирги Жаҳон тиллари университетининг инглиз ва ўзбек тиллари адабиёти факультетини 1965 йилда имтиёзли битирганман”, - деб ўзини таништирди А.Алиев.

У киши шу кунда 64га кирган. Узоқ йиллар олий ўқув юртларида Ғарб адабиёти тарихидан талабаларга дарс берди. Илмий унвони бор.

Сўнгги 10 йил давомида Акбар Алиев бадиий ижод билан машғул. Ўзбекча ёзган сонетларини ўзи рус ва инглиз тилларига ўгириб, нашрга тайёрлаб қўйган. У партиясиз.

А.Алиев партияларга аъзо бўлмагани сабабини тушунтирар экан: “Биласизми, расман тан олинган партиялар ниҳоятда чегараланган. Мухолифатда бўлган партиялар деярли йўқ. Мана, масалан, ўзингиз ўйлаб кўринг, ўтган йили партиялар Ислом Каримов биз учун имконият яратди, деб мақтанган эди. Шу гапнинг ўзиданоқ вазият қандайлиги тушунарли эмасми? Сиёсий партия биров имконият беришини кутиши керакмиди”, - деди.

А.Алиев “сайловда ютиш-ютмаслигидан қатъи назар, бир фуқаро сифатида, ватан ва халқнинг бир фарзанди сифатида халқнинг кўкрагини ердан бироз кўтаришга озми-кўпми ҳисса қўшиш” ниятида сайловда қатнашмоқчи.

Суҳбат давомида шу нарса маълум бўлдики, Акбар Алиев Ўзбекистонда давлат бошқаруви ислоҳ қилиниши кераклиги тўғрисида кейинги йилларда кўп ўйланяпти, баъзи принципиал фикрлари баёнини эълон қилган ҳам.

“Ўзбекистоннинг бугунги ижтимоий-сиёсий ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ночор аҳволи Ислом Каримовни президент лавозимида қолдириш учун қилинган ҳар қандай ҳаракат Республика халқига, унинг конституциясига, ижтимоий адолатга, тараққиётга, демократияга, инсон ҳуқуқларига ва давлатчиликка нисбатан хиёнат эканини исботловчи далилдир”, - дейилади Акбар Алиев 20 сентябрь куни эълон қилган ҳужжатда.

Унинг сўзларига кўра, биринчидан, мамлакатдаги ачинарли иқтисодий аҳвол, қашшоқлик, ишсизлик, инсон ҳуқуқлари топталиши И.Каримов йўл қўйган катта стратегик хатоларнинг оқибатидир. Иккинчидан, И.Каримов 2005 йилда Андижонда амалга оширилган хунхўрлик учун жавобгар.

“Ўзини давлат ҳисоблайдиган давлатда содир бўлганда эди бу фожеа, давлат раҳбари бир ойга қолмай амалдан кетган бўлар эди. Андижон воқеаси хоҳлаймизми-йўқми, иқтисодий ночорликнинг оқибати. Ўзини ҳурмат қиладиган халқ 13 майни миллий фожеа, деб байроқ тушириши керак эди ҳар йили. Худо хоҳласа, ҳалиям кеч эмас бундай қилишга...”, - дейди А.Алиев.

Балки сайлов кампаниясидан ўзингизни кўпчиликка танитиб олиш учун фойдаланмоқчидирсиз, деган саволга А.Алиев: “Йўқ, агар шахсий манфаатларимни ўйлаганимда, умуман бу ишга қўл урмаган бўлар эдим”, - дея жавоб қайтарди.

Педагог ва шоир Акбар Алиев билан қўшиб ҳисоблаганда айни пайтда Ўзбекистоннинг ичида беш киши президентликка ўз номзодини кўрсатишини эълон қилган. Улар орасида эколог Аҳтам Шоймардонов, тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдулло Тожибой ўғли ҳамда врач Суҳбат Абдуллаев бор.
XS
SM
MD
LG