Линклар

logo-print

Қирғизистонлик сиёсатшунослар Ўзбекистондаги сайлов ҳақида


Ўзбекистондаги президентлик сайловолди жараёнини қизиқиш билан кузатаётган қирғизистонлик сиёсатчилар бу сайлов ҳам аввалгилари каби “сиёсий театр саҳна кўриниши” сифатида ўтиши кутилаётганини айтмоқда.

Бишкеклик сиёсатшунос Жарқинбек Қосимбековнинг таъкидлашича, Ўзбекистон президенти ҳокимиятни оғриқсиз йўл билан ўз ворисига ўтказиб бериши мамлакат учун энг манфаатли воқеа бўлар эди.

“Белгиланган муддатларда ҳокимият алмашиниб туриши кераклигини биз Асқар Ақаев мисолида тушуниб етдик. Яккаҳокимлик мамлакат муайян ҳудудининг бойишига ва асосий қисмининг қашшоқланишига сабаб бўлади. Бу ҳокимиятда қайси ҳудуд вакиллари кўпроқ ваколатлангани билан боғлиқдир. Айни вазиятда Ўзбекистондаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий вазиятдан келиб чиқиб, президент И.Каримов ҳокимиятни ворисига топширса, сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар, демократик ўзгаришларга йўл очиб берса, Ўзбекистон учун энг манфаатли бўлар эди, - деди Ж.Қосимбеков.

Ўшлик сиёсий шарҳловчи Ғанижон Холматов фикрича, Ўзбекистонда воқеаларнинг бундай ривожини кутиш мумкин эмас.

“Мухолифатда ҳам, мамлакат ичкарисидаги барча соғлом кучларда ҳам Ислом Каримов янги формациядаги сиёсатчиларга ўрнини бўшатиб беради, мамлакатда ислоҳотлар ўтказиш, демократик тамойилларни шакллантиришга имкон яратади, деган умид бор эди. Бироқ бугунги кун бу умидлар пуч эканини кўрсатмоқда. Советча фикрлаш тарзига, советча бошқариш усулига эга раҳбарлар бор экан, мамлакатда ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмаслигини бемалол башорат қилиш мумкин”, - деди Ғанижон Холматов ва Ўзбекистонда ўтадиган сайлов яккаҳокимликни кучайтириш учунгина хизмат қилишини таъкидлади.

Қирғизистонлик сиёсатшунослар ва сиёсатчиларнинг айтишича, Ўзбекистон ҳокимиятидаги бундай вазият бу мамлакат салоҳиятининг тўла намоён этишилишига тўсиқ бўлмоқда.

“Ўзбекистон минтақадаги интеграция жараёнига катта таъсир ўтказувчи давлатдир. Шу сабабли ҳам бу мамлакатда тезроқ сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар жадаллашса экан, деб умид қилиб келамиз. Бироқ Марказий Осиёда мустақиллик йилларида бирор марта адолатли ва очиқ сайлов ўтказилган эмас. Сайлов фақат бир одамнинг манфаати учунгина хизмат қилмоқда. Бундан эса келажак фақат ютқазади”, - деди Қирғизистоннинг собиқ давлат котиби Эшонбой Абдураззоқов.

Жарқинбек Қосимбеков Ўзбекистонда яккаҳокимликнинг кучайиши салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида гапирди.

“Ҳокимият бошқа қутбдаги кучлар қўлига ўтиши ёки амалдаги ҳокимиятнинг умумий сиёсати турли таъсирлар остида бошқа йўналишга бурилиб кетиши мумкин. Биринчи ҳолатда аҳолининг норозилигидан фойдаланган исломий экстремистик кучлар ҳокимиятни олиши мумкин. Иккинчи ҳолатда эса ҳокимият ичдан емирилади”, - деди Жарқинбек Қосимбеков.
XS
SM
MD
LG