Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:51

Эрон навбатдаги америкалик эронийни озод этди


Эронда мамлакат хавфсизлигига қарши ҳаракат қилганлик айби билан ҳибсда ушлаб турилган америкалик эроний Киан Тожбахш 100 минг доллар гаров пули эвазига озодликка чиқарилди.

Киан Тожбахш америкалик миллиардер Жорж Соросга қарашли Очиқ жамият институтининг Теҳрондаги консультанти бўлиб ишлаб келган.

Унинг адвокати, Теҳрондаги инсон ҳуқуқлари маркази ходими Муҳаммад Али Дадахон Киан Тожбахш суд қарорисиз узоқ муддат ҳибсда ушлаб турилганини айтади.

“Эрон қонунчилигига кўра, суд қарорисиз бирор киши икки ойдан ортиқ ҳибсда ушлаб турилмаслиги керак. Агар суд вақтинча ҳибс муддатини узайтириш учун янги сабабларни топмаса, озод этилиши керак”, - дейди адвокат.

Киан Тожбахш Эронда ушланиб, хавфсизлик билан боғлиқ айблар қўйилган ягона америкалик эроний эмас. Ўтган ҳафтада “Фардо” радиоси мухбири Парноз Азима ва ундан олдин Вашингтондаги Вудро Вилсон институтининг Яқин Шарқ дастури директори Халэ Исфандиёрий Теҳронни тарк этишга мувваффақ бўлди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам кафолат пули тўлаш эвазига озодликка чиқарилган эди. Парноз Азима 300 минг АҚШ доллари, Халэ Исфандиёрий эса 320 минг доллар пул эвазига қамоқдан чиқарилди. Аммо Эрон яна бир америкалик эроний бизнесмен Али Шокирийни ҳамон хибсда ушлаб турибди. Али Шокирийга ҳам мамлакат хавфсизлигига қарши ҳаракат қилганлик айби қўйилган. Калифорния университети ҳузуридаги илмий марказ маслаҳат кенгаши аъзоси бўлган Али Шокирий, тахминларга кўра, Европага кетаётган пайтда Теҳрон аэропортида ҳибсга олинган. Шу йилнинг июнь ойида Теҳрон расмийлари Али Шокирийнинг ҳибс этилганини тасдиқлади, аммо қаерда сақланаётгани ҳақида маълумот бермади.

Теҳрон прокурори ўринбосари Али Шокирийнинг иши Эрон хавфсизлигига қарши ҳаракат қилганлик айби бўйича ҳибс этилган бошқа америкалик эронийларникига боғлиқ эмаслигини айтар экан, уни вазияти ҳақида маълум қилиш мавриди келмаганини билдирганди. Али Шокирийнинг ўғли ва рафиқаси, қолаверса, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари унинг тақдиридан хавотир изҳор этган.

АҚШ Федерал тергов бюросининг собиқ ходими Роберт Левинсон тақдири ҳам номаълум. У шу йил март ойида Эроннинг Қиш оролига борганида бедарак йўқолган эди.

Оиласидагиларнинг айтишича, Р.Левинсон Қиш оролига сигарет контрабандасига оид маълумотларни ўрганиш учун борган. Ҳалигача Эрон расмийлари Р.Левинсон тақдири борасида сукут сақламоқда.
XS
SM
MD
LG