Линклар

logo-print

Қозоғистонлик қизлар ўз юртида жинсий қулликка сотилмоқда


Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрилик 18 ёшли икки қизнинг танишлари билан пойтахт Остонага саёҳатга келиш хоҳиши охир-оқибат уларнинг жинсий қулликка сотиб юборилиши билан якунланди.

Таниши Салтанат исмли аёлнинг таклифи билан Остонада бир-икки кун меҳмондорчилик қилиш учун таксида пойтахтга йўл олган қизлар манзилга етганиданоқ пушаймон бўлди. Салтанат уларнинг мобил телефонлари, тилла буюмларини тортиб олди ва қизларни бошқа машинага ўтқазиб, нотаниш кишилар қўлига топширди. Салтанат қизларга таксига кетган харажатини қоплаш учун уларни сотиб юборганини очиқ айтган.

Қарағанда шаҳридаги “Инқироз маркази” раҳбари Наталья Усачёванинг билдиришича, икки қизни жинсий қулликка сотиб юборган воситачи аёл фоҳишахона эгасидан 100 минг танга олган. Қарағандалик қизларнинг бахтига учраган мижозлардан бири уларнинг гапига ишонган ва мобил телефонидан ота-оналарига қўнғироқ қилишга рухсат берган.

Н.Усачёва қизларнинг ота-оналари Қарағанда шаҳри ички ишлар департаментига мурожаат қилгани, бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари бунга совуққонлик ва бефарқлик билан муносабатда бўлганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, охир-оқибат озодликка чиққан қизлар полиция идорасида узоқ муддат ушлаб турилган, қўрқитилган, ҳақоратланган. Остонадаги кўплаб ёш қизлар жинсий қулликда сақланаётган фоҳишахонада текширув ўтказилмаган, унинг эгаларига нисбатан бирор чора кўрилмаган. Боз устига, фоҳишахона ходимлари полиция гувоҳлигида қизлардан бу ишга ўз хоҳиши билан қўл урганини тан олишни талаб қилган, акс ҳолда ўлдириб юбориш билан пўписа қилган.

“Бу эса полиция ходимларининг ўзлари ҳам фоҳишахона эгалари билан тил бириктирган, деган ўйга етаклайди”, - дейди Н.Усачёва.

Н.Усачёванинг маълум қилишича, қозоғистонлик қизларнинг ўз юртида жинсий қулликка маҳкум этилиш ҳолатлари кўп учрамоқда.

“Ёш қизларимизнинг Туркия, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларда жинсий қулликка тушиб қолгани ҳақида эшитганимизда таажжубга тушамиз. Аммо қизларнинг ўз юртида қулликка сотиб юборилаётгани тўғрисидаги хабарлар бизни фалаж қилиб қўймоқда”, - деди Наталья Усачёва.

Жинсий қулликдан озод этилган қарағандалик икки қиз айни пайтда руҳшунослар назорати остида турибди.
XS
SM
MD
LG