Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:41

Президент ҳам ўқувчиларни пахта теримидан олиб қола олмаяпти


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳар йили пахта мавсуми бошида ўқувчи ва талабалар пахта йиғим-терими кампаниясига жалб этилмаслиги борасида ижроия ҳокимиятларига буйруқ беради.

Бироқ ҳар йили тожикистонлик ёшлар икки–уч ойлик пахта теримига мажбуран жалб этилади.

Бу сафар ҳам Тожикистон Таълим вазирлиги мамлакатнинг пахта етиштирувчи ҳудудлари, яъни Сўғд ва Хатлон вилоятларидаги олий ўқув юртлари талабалари ва ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини 12 сентябрдан бошлаб бир ой муддатга пахта мавсимига жалб этишга қарор қилди.

Тожикистон таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов пахта мамлакатнинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланишини, шуни назарга олган ҳолда пахтакор хўжаликларга ёрдам тариқасида ўқувчиларни пахта теришга жалб этиш зарурлигини уқтирган.

Таълим вазирлиги ва ижроия ҳокимиятлари раҳбарларининг пахта териш мавсумида ёшлар кучидан фойдаланишга оид оғзаки буйруғидан аксарият ўқитувчилар ҳам, талабалар ҳам норозилик билдирмоқда.

Хатлон вилоятининг Колхозобод туманидаги мактабларнинг бирининг ўқитувчиси сўзларига кўра, қуйи бўғин раҳбарлари президент буйруғига зид равишда ўқувчи ва талабаларни пахта теримига жалб қилади. Ҳозир ҳар бир ўқувчига кунига 15-20 килограммдан пахта териш мажбурияти юкланган.

17 сентябрь куни пахта теришга мажбур қилинган Сўғд вилояти олий ўқув юртлари талабалари пахта даласига чиқишдан бош тортиб, вилоят ҳокими номига норозилик мактуби йўллаган эди.

Хат тақдири қай даража ҳал бўлгани қоронғу, бироқ хат муаллифларидан тахминан 30 нафари айни пайтда ўз фикридан қайтиб, мамлакат шимолидаги Ашт туманида пахта тераётгани маълум бўлди.

Тоҳир исмли талабанинг айтишича, биринчи курсдан тўртинчи курсгача бўлган талабалар икки ой давомида пахта теримига жалб этилган. Бундан бош тортган талабалар қаттиқ жазоланиши, дарсларга киритилмаслиги ҳақида огоҳлантирилган. Талабалар кунига атиги икки марта овқатлантирилмоқда. Улар учун тайёрланаётган овқатлар сифати жуда паст.

Аммо пахта теримига олиб чиқилишни маъқуллайдиган талабалар ҳам бор.

“Пахта теришнинг нимаси ёмон!? Далада курсдошлар билан янада яқинроқ танишиб оламиз. Бунинг устига, мамлакатимиз ободонлиги учун хизмат қилиш бурчимиз ахир”, - дейди Караматулло исмли талаба.

Норасмий манбалардан олинган маълумотларга кўра, Тожикистонда пахта терими ва дала ишларига ҳар йили 400 минг киши мажбуран жалб этилади. Уларнинг 40 фоизини, яъни 160 мингини болалар ва ўсмирлар ташкил этади.
XS
SM
MD
LG