Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:57

Тожикистон коррупция ботқоғига ботганини расмийлар ҳам тан оляпти


Тожикистон президенти ҳузуридаги Cтратегик тадқиқотлар маркази давлат идоралари ҳамда ноҳукумат ташкилотларда коррупцияга оид ўтказилган тадқиқот натижаларини эълон қилди.

Тадқиқот муаллифлари Тожикистоннинг барча давлат идораларида, хусусан, ҳуқуқ-тартибот муассасалари, судлар, адлия ва парламентда порахўрлик чуқур илдиз отганини маълум қилди.

Тадқиқот гуруҳи бошлиғи Абдувоҳид Шамолов бу тадқиқотдан асосий мақсад давлат тизимида порахўрликнинг илдиз отишидаги асосий омилларни ўрганишдан иборат эканини билдирди.

“Тадқиқотчиларимиз давлат идораларининг 16 тасида ўтказган сўровлар натижасида бу идораларда жуда кўплаб нуқсонлар мавжудлигини яна бир марта исботлаб берди. Албатта, айрим ҳолларда коррупцияга қарши курашда муайян силжишлар кузатилади. Аммо, афсуски, жуда кўп ҳолларда порахўрлик авж олиши учун имкон берувчи қонунлар ҳамон мавжудлиги ташвишлидир”, - деди Абдувоҳид Шамолов.

Мазкур тадқиқот БМТ Тараққиёт дастури молиявий кўмагида амалга оширилди.

БМТ Тараққиёт дастури таҳлилчиси Наргиз Нуруллохўжаева давлат идораларининг аксариятида тобора илдиз отиб бораётган порахўрлик мамлакат фуқаролари билан давлат мулозимлари ўртасида тўсиқ вазифасини бажармоқда, деган ишончда.

Стратегик тадқиқотлар маркази 2006 йилда ўтказган тадқиқот натижаларида ҳам “Тожикистонда коррупция турмуш тарзига айлангани ва мамлакат фуқаролари бирор муаммо порасиз ҳал этилмайди, деган ишончда экан”и билдирилган эди.

Ҳуқуқшунос олим Ашурбой Имомов парламент вакиллари фаолиятида коррупция масалаларини ўрганган. У Тожикистондаги аксарият қонунлар алоҳида доиралар фойдасига қабул қилинишини айтади.

“Парламент фаолиятида ижроия ҳокимиятлари таъсири жуда кучли. Албатта, ижроия ҳокимияти ва парламент ўртасида ўзаро ҳамкорлик, таъсир ўтказиш бўлиши керак, аммо ҳар нарсанинг меъёри бўлиши зарур. Масалан, ҳукумат ҳеч қачон парламентга ҳисобот бермайди, мана шундан ўзингиз хулоса қилаверинг”, - деди Ашурбой Имомов.

Мазкур тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, прокуратура фаолиятида ҳам қувонтирадиган далиллар кузатилмаган.

Шу соҳа бўйича тадқиқот ўтказган Тожикистон бош прокурори ёрдамчиси Маризо Хоналиев прокуратурага нисбатан одамларнинг ишончи сусаяётганини таъкидлади.

Мустақил кузатувчи Абдуғани Мамадазимов сўзларига кўра, давлат идоралари бошдан оёқ коррупциялашганига асосий сабаб бу тизимдаги маҳаллийчилик ва ошна-оғайингарчиликдир. Бу нуқсонларни тузатиш учун эса ҳукумат раҳбарларида сиёсий ирода йўқ.

Стратегик тадқиқотлар маркази бўлим мудири Абдувоҳид Шамолов берган маълумотларга кўра, давлат идоралари ва мамлакатдаги нодавлат ташкилотлар фаолиятидаги коррупцияга оид тадқиқотнинг иккинчи босқичи жорий йил октябрь ойида ниҳоясига етади.
XS
SM
MD
LG