Линклар

logo-print

Халқаро ҳужжатлар билан қулдорларни тийиш мумкинми?


Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат қуллик ва одам савдосигa қарши халқаро конвенцияни ратификация қилишни режалаштираётганини билдирди.

Сўнгги йилларда мамлакатда одам савдоси анча авж олган. Жумладан, қонуний ва ноқонуний меҳнат муҳожирлари иш берувчилар томонидан қулларга айлантирилиши Қозоғистонда жуда кўп учрамоқда. Қулликка мажбурланганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Бундан бир қанча вақт муқаддам Оқтўба шаҳрида қулликда сақланган ўзбекистонлик 20дан ортиқ фуқаро озод этилган эди.

Тошкентлик Катя опанинг ҳам фарзандлари Қозоғистонга иш излаб келиб қулликка тушган. Катя опа икки ўғлини қутқариш учун шахсан Олмаотага келган ва замонавий қулдорларнинг қулларни қанчалик калтаклаши ва таҳқирлашига гувоҳ бўлган. Ўғиллари билан бирга яна кўплаб ўзбекистонлик йигит ва қизлар қулликка маҳкум этилганини кўрган. Катя опа бир ой давомида Олмаотада бўлиб, фарзандларини қулликдан қутқаришга муваффақ бўлган.

“Тошкентдан Қозоғистонга кетиб, қулликка тушиб қолганларнинг яқинлари ҳам бундан хабар топиб, мендан уларни қутқаришда ёрдам ва маслаҳат сўрамоқда, - дейди Катя опа. – Яқинда бир йигит қўнғироқ қилди ва укаси Алёша қулликка тушиб қолганини айтди. Уларнинг онаси яқинда оламдан ўтган. Улар Тошкентнинг Қорақамиш даҳасида яшайди. Қозоғистонга тирикчилик учун боришган экан”.

Халқаро миграция ташкилотининг Олмаотадаги ваколатхонаси сўнгги йилларда Қозоғистонга иш излаб келаётган муҳожирларнинг қулликка тушиб қолиш ҳолатлари кўпайгани хавотирли эканини билдирди. Бунга жавобан эса Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат қуллик ва одам савдосига қарши халқаро конвенцияни ратификация қилишни режалаштираётганини маълум қилди.

Аммо маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу ҳужжатнинг ратификация қилиниши мамлакатда одам савдоси билан боғлиқ муаммонинг барҳам топишига ёрдам беришига шубҳа билан қарамоқда.

“Аслида Қозоғистон конституцияси ҳам қуллик ва одам савдосини тақиқлайди. Шунинг учун халқаро конвенция ратификация қилингандан сўнг вазият ўзгаради, деб ҳисобламайман. Агар мавжуд қонунчиликка риоя қилинганда ҳам бизга бирор халқаро ҳужжатни қабул қилишга зарурат қолмасди”, - дейди олмаоталик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Евгений Жовтис.

Унинг таъкидлашича, мазкур ҳужжатнинг ратификация қилиниши Қозоғистон халқаро ҳуқуқ меёрларини тан олишига қаратилган формал қадам бўлади, холос.
XS
SM
MD
LG