Линклар

Наркотикфуруш устидан суд бошланди

  • Гулнора Равшан

Душанбеда Тожикистондан Россияга йирик миқдорда наркотик моддалар етказиб бериш билан шуғулланганлик ва халқаро жиноий гуруҳга аъзоликда айбланаётган Гулмуҳаммад Ражабзода устидан суд бошланди.

Суд жараёнига раислик қилаётган Душанбе шаҳри суди судъяси Алпомиш Акбаровнинг айтишича, Россия фуқароси Абдушукур Эрматов ташкил этган халқаро жиноий гуруҳга 2005 йилда аъзо бўлган Тожикистон фуқароси Г.Ражабзода Россияга бир неча марта йирик миқдорда наркотик модда олиб борган. У илк бор 2005 йил июлда тахминан 300 килограммдан ортиқ наркотик моддани Тожикистондан Россияга олиб ўтган.

Айблов хулосасида билдирилишича, А.Эрматов раҳбарлигидаги жиноий гуруҳ наркотик модда ташишда таъмирталаб техника воситаларидан фойдаланган. Яъни бузуқ техникага гиёҳвандлик моддаси жойлаб, сўнг уни гўёки тузатиш баҳонасида Россияга олиб боришган.

Худди шу усулда кўп миқдордаги қорадорини Бошқирдистон республикаси ва Рязань шаҳрига олиб келиб, мижозларга сотаётган вақтда жиноий гуруҳ аъзолари Россия ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинади. 2007 йил мартда А.Эрматов ва унинг олти шериги Бошқирдистон Олий суди томонидан 5 йилдан 20 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилади.

Мазкур гуруҳ устидан ўтган тергов жараёнида Г.Ражабзода ҳам гуруҳ аъзоси экани аниқланади. Тожикистоннинг шимолий ҳудудида яшириниб юрган Г.Ражабзода май ойида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари тезкор гуруҳи ходимлари ўтказган амалиётда қўлга олинади.

Суднинг биринчи мажлисида айбланувчи Г.Ражабзода ҳам, унинг адвокати Абдулло Тиллоев ҳам Тожикистон ва Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари илгари сурган айбловларни рад этди.

Судъя Алпомиш Акбаровнинг таъкидлашича, агар Г.Ражабзодага қўйилган айблар исботланса, у 20 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилиши ва барча мол-мулки давлат фойдасига мусодара этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG