Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:27

Эрон ҳар қандай ҳужумга жавоб қайтаради


Эрон армияси шу ҳафтада “Муқаддас мудофаа ҳафталиги” номли анъанавий йиллик машқларни бошлади. Етти кунлик ҳарбий машқлар Ироқ армияси Эронга бостириб кирганининг 27 йиллигига тўғри келди.

1980–88 йилларда Эрон ва Ироқ ўртасида давом этган уруш ҳаракатларида икки томон ҳам катта талафот кўрган эди.

Сана муносабати билан қилган чиқишида Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот АҚШни журъат топиб, ўз қўшинларини Ироқдан олиб чиқишга чақирди. Эрон раҳбари Ироқда хорижлик қўшинларнинг бўлиши минтақадаги зиддият ва беқарор вазиятга сабаб бўлаётганини таъкидлади.

М.Аҳмадийнажот таҳдидлар ва иқтисодий санкциялар Эронни технологик тараққиётдан тўхтата олмаслигини билдирди:

“Психологик уруш ва иқтисодий санкциялар каби эскирган усуллар воситасида Эрон халқининг тез ва шиддат билан ривожланишини тўхтатиб қолиш мумкин, деб ўйлаётганлар янглишади”, - деди М.Аҳмадийнажот.

У Эрон ҳар қандай ҳарбий ҳужумдан ўзини ҳимоя қилишини таъкидлади ва ҳужумчилар ўз хатти-ҳаракатидан “пушаймон бўлиши” ҳақида огоҳлантирди.

Эрон раҳбарининг нутқи тугаганидан кейин қўшинлар, танклар ва бошқа ҳарбий техника у турган минбар олдидан юриб ўтди. Парадда Эронда ишлаб чиқарилган жанговар самолётлар, шунингдек, 1800 километр олисликка уча оладиган “Ғадр” номли янги ракета ҳам намойиш қилинди. Мутахассислар бу узоқ масофага учадиган “Шаҳаб-3” қанотли ракетасининг янгиланган кўриниши эканини тахмин қилмоқда.

АҚШ Эронни Ироқдаги жангариларни қўллаб-қувватлаётганликда айблаб келади. Айни пайтда халқаро ҳамжамият Эронга уранни бойитиш ишларини тўхтатиш борасида ҳам босим кўрсатишни давом эттирмоқда. АҚШ Эроннинг ядровий дастури борасидаги бўҳронни ҳал этиш учун ҳарбий куч қўлланилиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаган.

Ўзининг ядровий дастури тинч мақсадни кўзлаганини таъкидлаб келаётган Эрон агар мамлакатга қарши ҳарбий ҳужум уюштирилса, унга жавоб қайтарилиши ҳақида огоҳлантирган.

Айни пайтда Вашингтонда дунёнинг етакчи давлатлари вакиллари уранни бойитиш ишларини тўхтатишни рад этган Эронга қарши БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан янги санкциялар жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда. БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлган АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция, Хитой, шунингдек, Германия Эронни музокаралар орқали ўзининг уранни бойитиш дастурини тўхтатишга кўрдириш баробарида муросага эришилмаса, Эронга қарши янги санкция жорий қилиш масаласида ҳам фикр алмашаётир.

Маҳмуд Аҳмадийнажот БМТ Бош ассамблеясининг йиллик йиғилишида қатнашиш учун 23 сентябрь куни Нью-Йоркка жўнаб кетади.
XS
SM
MD
LG