Линклар

logo-print

Вазирлар Маҳкамасининг уни кўп, халқда эса йўқ

  • Барно Анвар

http://gdb.rferl.org/dc60c656-a7bf-4419-a30e-50d09c363f66_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/dc60c656-a7bf-4419-a30e-50d09c363f66_mw800_mh600.jpg Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мамлакат етарли даражада ун билан таъминлангани ва буғдой захираси ҳам етарли экани ҳақида баёнот берди.

“Интерфакс” ахборот агентлигининг Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматига таяниб ёзишича, айрим оммавий ахборот воситаларининг мамлакатда ун ва нон таъминотида етишмовчиликлар бўлаётгани ҳамда бу маҳсулотларга нархнинг ортгани ҳақидаги хабарлари нотўғри.

“Ўзбекистон ҳозирги вақтда буғдой етказиб берувчи йирик давлатлардан бири ҳисобланади. Бу йилги ҳосилдан олинган ялпи дон маҳсулотлари ҳажми 6 миллион тоннадан ортди ва бу ҳосилдан кўзланган қисми давлат захираси учун сотиб олинди, қолганлари эса фермер ва деҳқон хўжаликлари ихтиёрида қолган”, - дейилади “Интерфакс”нинг Вазирлар Маҳкамаси хабаридан келтирган иқтибосида.

“Озодлик” мухбири мазкур баёнот хусусида ўзбекистонлик фермер ва деҳқонлар билан суҳбатлашди.

Сирдарёлик фермер Каримжон Бозорбоев сўнгги беш йил давомида деҳқон хўжалиги раҳбари бўлган.

“Бу йил буғдой энди бошоқ боғлаётганда кун исиб кетиб, ҳосил яхши бўлмади. Кўпчилик фермерлар режани қоғозда тўлдирди. Чунки юқоридан режасига 8 килограмм етмаган бўлса ҳам хўжалигини ёпиб ташланглар, деган буйруқлар бўлди. Шу вазиятда ҳукумат раҳбарлари захирада буғдой бор, деб қоғоздаги донни айтаётган бўлса керак”, - дейди К.Бозорбоев.

Сирдарёлик фермернинг сўзларига кўра, ҳозир вилоят бозорларида ун яна сал кўпайиб қолди, аммо нархи жуда баланд.

“Бир қоп ун 60 минг сўмга чиқди. Ўзимиздаги “Оқ олтин” дон маҳсулотлари заводидан чиқаётган ун 45 минг сўм. Лекин ун бозорларимизда аввалгидай кўп эмас. Халқнинг қўлида ҳам қишга ғамланган буғдой жуда кам. Ҳали қишда бу қийинчиликларимиз ҳам ҳолва бўлиб қоладими, деб хавотир қиламан”, - деди фермер.

Фарғоналик деҳқон Хайриддин Ҳожиев ҳам сирдарёлик деҳқоннинг сўзларини тасдиқлайди.

Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати “Интерфакс”га берган маълумотда мамлакатда бир тонна буғдойнинг нархи 102 АҚШ долларига кўтарилгани, бу эса жорий йилда дунёнинг кўплаб давлатларида буғдойга кўтарилган нархдан икки ва ундан кўпроқ баробар арзон экани таъкидланган. Бироқ ҳозир Фарғонада бир тонна буғдойнинг нархи 450 доллардан қимматроқ эканини айтади Х.Ҳожиев.

“Ўз вақтида давлат фермерлардан буғдойни ҳозирги нархидан 3 –3,5 баробар арзон сотиб олган эди. 130-135 сўмдан давлатга буғдой сотган фермер энди бозордан 500 сўмга буғдой олиши керак. Чунки ҳосилни бажараман, деб ҳаммасини давлатга топширган. Дунё давлатларида ҳам буғдойнинг нархи ошганини эшитяпмиз. Лекин Ўзбекистондаги кабимас-да”, - дейди деҳқон.

Шундай қилиб, фарғоналик ва сирдарёлик деҳқон-фермерлар бу йил буғдой ҳосили кам бўлгани ва фермерлар бу йилги режани кўпроқ қоғозда бажаришга мажбур бўлганини айтмоқда. Ҳукумат расмийлари эса зўр бериб буни инкор қилишга уринмоқда.

Фарғоналик деҳқон Хайриддин Ҳожиев мамлакат расмий телевидениеси элда буғдой мўл-кўл, ғалла мустақиллигига эришдик, дея жар солаётганини айтади.

“Кечагина Ўзбекистон телевидениеси Андижонда ун сероб, буғдой сероб, тўкинчилик, ғалла мустақиллигига эришдик, деб кўрсатяпти. Қип-қизил ёлғон. Қанақа мустақиллик бўлсин! Шунақа мустақиллик бўлса, керак эмас, деб элнинг ҳам ҳавфсаласи пир бўлиб кетяпти шу кунларда. Бу мамлакатнинг тепасига ҳам бир элни ўйлайдиган, шу мусулмон халқни ўйлайдиган раҳбар келиб қолармикан, деб умид қилибгина ўтирибмиз ҳозир, бошқа чора қолмади”, - деди деҳқон.
XS
SM
MD
LG