Линклар

Брежневнинг қошига ишонч йўқ ёки Каримов фолчиларга ҳам фол очиши мумкин

  • Фаррух Юсуфий

Бундан бир ҳафта аввал президент сайлови куни ва сайловолди кампанияси ҳақида эълон қилган Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов унда бир неча номзод иштирок этишига шаъма қилган эди.

“Бугун бизда бешта сиёсий партия фаолият юритмоқда. Менимча, улар аллақачон бу масалалар билан шуғулланиш, сайловолди кампаниясида фаол қатнашиш учун учун пишиб етилган. Улар ўз номзодларини илгари суришга ҳақлидир. Бизнингча, улар сиёсий етуклик ва фаоллик кўрсатадиган вақт келди”, - деган эди МСК раиси.

Унинг бу ишораси ва сайловолди кампанияси бошлаб юборилганига қарамай, Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган ва ўзини бир-бирларига мухолифат, деб биладиган беш партия мум тишлаб олгандай.

Улар ўзларининг сиёсий етуклиги ва фаоллигини кўрсатишнинг вақти номзодларни рўйхатга олиш бошланганда келишини айтмоқда.

Президент сайлови тўғрисидаги қонунга кўра, номзодларни рўйхатга олиш 18 октябрда бошланади. Демак, яна тахминан уч ҳафтадан кейин Ўзбекистондаги сиёсий партиялар ўзининг сиёсий етуклиги ва фаоллигини кўрсатиши эҳтимоллари йўқ эмас. Лекин шунга қарамай, кўплаб сиёсатшунос ва таҳлилчиларнинг сайловда асосий номзод ким бўлиши ва ким ғалаба қозонишига шубҳаси йўқ.

“Ислом Каримов тез кунларда бўлажак сайловга ўз номзодини қўймаса, мен жуда ажабланган бўлардим, - дейди Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вице президенти Алан Делетроз. - Ўзбекистоннинг амалдаги конституцияси унга учинчи бор президент бўлиш имконини бермаса-да, Ўзбекистондек мамлакатда И.Каримовдек сиёсатчи учун бунинг йўлини топиш қийин бўлмайди”.

Унинг сўзларига кўра, И.Каримов шу пайтгача ўзининг мутлақ ҳокимиятига халақит берувчи ҳар қандай қонунни ўзгартиришда жуда уддабуронлигини кўрсатиб келган. Бу сафар ҳам у бир йўлини топиши шубҳасиздир.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов эса И.Каримов ўз номзодини кўрсатиш йўлини аллақачон топиб қўйгани, бунда қонунларни ўзгартириб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқлигини билдирди.

“И.Каримов амалдаги конституцияда белгиланган етти йиллик муддатнинг биттасини ўтади. Яъни юридик жиҳатдан унинг яна бир бор ўз номзодини қўйишга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Улар конституцияни ана шундай талқин қилиши ҳам мумкин”, - дейди Ф.Толипов.

Қонуннинг шундай талқини И.Каримовнинг ҳам, парламентнинг ҳам оғирини енгил қилади, улар энди нима қилсак экан, деб бошини ортиқча қотириб ўтирмайди.

Воқеа бошқача ривожланишини тахмин қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Ўзбек расмий матбуотининг “Озодлик”ка интервью берган шарҳловчиларидан бири И.Каримов ҳеч ким кутмаган “сюрприз” тайёрлаётган бўлишини тахмин қилди.

Унинг таъкидлашича, И.Каримов президент курсисини халққа таниш бўлган бирор давлат ёки жамоат арбобига бўшатиб бериб, ўзи бош вазир лавозимини эгаллаши мумкин. Бунда Ислом Каримов мутлақ ҳокимиятни сақлаб қолиши учун президент ваколатлари бош вазирга берилади.

Сиёсатшунос Фраход Толипов бундай сценарийни эҳтимолдан соқит қилмади, аммо бунинг учун вақт қолмаганини билдирди.

Алан Делетроз эса И.Каримовнинг табиатидан келиб чиқиб, унинг ўзига ворис топиб, бош вазирликка ўтиш сценарийсини қўллашига ишонмаслигини айтади.

“Ундан ҳеч қандай сюрпризни кутмаган бўлардим. Бу каби тахминларни айтаётганларни совет пайтларида Леонид Брежневнинг қошлари эрталаб қайси тарафга қараганидан унинг кейинги қадамларини тахмин қилган ғарблик таҳлилчиларга ўхшатиш мумкин. И.Каримов ўзига бирор ворис топишига оид нозик сценарий унинг режими моҳиятига тўғри келмайди. И.Каримов демократик жараён кўриниши яратиш учун бошини оғритиб ўтиришига ишонмайман. Чунки у демократияга тупуриб қўйган”, - деди Алан Делетроз.
XS
SM
MD
LG