Линклар

logo-print

Ёдгор Турлибеков ҳам мамлакатни тарк этди

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ëдгор Турлибеков мамлакатни тарк этиб, қўшни давлатлардан бирида БМТ қочқинлар идорасида бошпана изловчи сифатида рўйхатга олинди.

Қашқадарёлик Ë.Турлибеков бундан 9 ой муқаддам, ўтган йилнинг декабрь ойида қамоқдан озод қилинган эди. Ҳамкасблари у айнан шу фаолияти учун қамоққа тиқилганини айтиб келади. Қамоқдан чиққанидан кейин ҳам Ё.Турлибеков инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланишда давом этди.

“Мен Ўзбекистони тарк этиш ҳақида узил-кесил қарорга келгунимча узоқ ўйладим. Ëшим ҳам етмишда. Бу ëшда ўзга элларда саргардон бўлишни истамас эдим. Иккинчи томондан эса қамоқ нималигини кўрдим. Яна у ерга тушсам, қайтиб чиқмаслигимни яхши биламан. Шу сабаб ватандан айро тушдим”, - дейди Ëдгор Турлибеков.

Қашқадарёлик журналист Тўлқин Қораев Ë.Турлибеков вилоятда жиддий фаолият юритган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бири эканини айтади.

“Ё.Турлибеков 1999 йилдан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси, 2001 йилдан бошлаб эса мазкур жамиятнинг Қашқадарё вилояти бўлими раиси вазифасида ишлаб келган. У Қашқадарё вилоятида уюштирилган бир неча норозилик акциялари ташаббускори бўлганди”, - деди Т.Қораев.

Тўлқин Қораевнинг ўзи ҳам Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистондан чиқиб кетган эди.

“Ë.Турлибеков Ўзбекистонда қолиб, инсон ҳуқуқлари учун курашни давом эттиришни истади, аммо бунинг имкони бўлмади”, - дейди Т.Қораев.
XS
SM
MD
LG