Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:54

Номаълум аёллар ҳуқуқ ҳимоячиларини калтаклади


Жиззах вилоятида Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг икки аъзоси ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири номаълум аёллар гуруҳи томонидан аёвсиз калтакланди.

Вилоятда пахта терими чоғида болалар меҳнатидан оммавий равишда мажбуран фойдаланиш кампанияси бораётгани ҳақидаги хабарни ўз жойида ўрганиш учун бу ерга келган ҳуқуқ ҳимоячилари Пахтакор тумани ҳудудида 20 чоғли номаълум аёллар гуруҳи томонидан тўхтатилган. Аёллар альянс аъзолари Акромхўжа Муҳиддинов ва Елена Урлаева, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳусанбой Азмиддиновни сотқинликда ва халқнинг тинчини бузишда айблай бошлаган.

“Сиз сотқинсиз, қаердан келиб қолдингиз, бизни тинчимизни бузманг, вилоятдан кетинг, деб бақир-чақир қила бошлади. Биз эътироз билдирмоқчи бўлган эдик, бирдан бизга ташланиб қолишди. Қўлларида калтак ва яна ёш болаларни ҳам қўлига калтак бериб, бизни урдиришди. Уст-бошларимизни йиртишди, пулларимиз, мобил телефонларимизни олиб қўйишди. Шахсан мен бунақа ҳужумни биринчи марта кўришим. Ҳеч шубҳа йўқ, буни маҳаллий милиция уюштирган”, - дейди А.Муҳиддинов.

Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқ ҳимоячиларига қаттиқ тан жароҳати етмаган. Аммо уларнинг калтакланишини Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари кузатиб турган. Бу ходимлар “Жигули 07” русумли, давлат рақами бўлмаган автомобилда уларнинг ортидан кузатиб юрган.

Шу ўринда эслатиш жоиз, Жиззах вилоятида бу каби калтаклаш биринчи бор содир бўлаётгани йўқ. Бироз вақт муқаддам Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг вилоятдаги бўлими раиси Бахтиёр Ҳамроев ҳам бир гуруҳ аёллар томонидан аёвсиз калтакланган ва оғир тан жароҳати олган эди. Бундан ташқари, ўз вақтида маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиси Мамаражаб Назаровнинг уйига ҳам нотаниш аёллар гуруҳи бостириб кирган ва уни ўз уйидан қувиб чиқарганди.

“Биз Толиб Ёқубов, Эгамназар Шойманов, Улуғбек Ҳайдаров нега бу ердан қочиб чиқиб кетганини энди тушундик. Бу вилоятнинг милицияси эркин фикрлайдиганларга қарши энг ибтидоий ва энг ваҳший услубларни қўллаб, тазйиқ ўтказар экан. Бу Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари нималарга қодирлигини яна бир бор яққол намойиш қилган манзара бўлди”, - дейди Акромхўжа Муҳиддинов.
XS
SM
MD
LG