Линклар

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг яна бир аъзоси қамалди

  • Барно Анвар

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Тошкент шаҳри бўлими раиси Собиржон Тўлаганов Жиноят кодексининг 139-моддасига биноан туҳматчиликда айбланиб ҳибсга олинди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти тарқатган хабарномада айтилишича, С.Тўлагановга нисбатан жиноят иши қўзғатилишига Феруза Сағатбоева исмли фуқаро унинг устидан даъво қилиб, судга мурожаат этгани асос қилиб олинган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари аслида бу даъво аризаси бир баҳона бўлиб, Тошкент шаҳри милицияси бу билан яна бир ҳуқуқ ҳимоячисининг овозини ўчиришни ният қилганини айтмоқда.

Физика-математика фанлари доктори, профессор С.Тўлаганов кўп йиллар давомида Ўзбекистон Миллий университетида ишлаган, педагог олим.

С.Тўлаганов 20 ёшли қизи, оққон касалига чалинган Малика туғруқхонада алмаштириб қўйилган, деб ҳисоблайди. Малика мураккаб жарроҳлик амалиётидан ўтиши лозим, аммо бунинг учун у билан бир ота ва онадан туғилган қондош донор керак.

“С.Тўлаганов шу боис қизи Маликанинг асл ота-онаси, деб шубҳа қилиб юрган, аммо унинг шубҳаларини тўлиқ инкор этаётган Феруза Сағатбоева оиласига мурожаат қилди. Сағатбоевалар оиласи қизимизнинг асл ота-онаси эканига ишончимиз комил ва буни тасдиқловчи ҳужжатларимиз бор”, - дейди ҳуқуқ ҳимоячисининг рафиқаси Муқаддам Тўлаганова.

Аммо тўғридан-тўғри мурожаатлар иш бермагандан сўнг С.Тўлаганов “Ҳуқуқ-жараён” газетасида мақола чоп этди. Эндиликда ана шу мақола асосида Феруза Сағатбоева ўзига нисбатан туҳмат қилганликда айблаб, унинг устидан шикоят ариза ёзди.

“Жиноят иши май ойида қўзғатилган. Эримга эса бу ҳақда июль ойи охирларида хабар берилди. Бундан ташқари, эримга терговга оид материаллар ҳам берилмади, иш дарров судга оширилди. У ҳали адвокат ёллашга улгурмай, қамаб қўйилди. 19 сентябрдан бери уйга келгани йўқ. Ҳозир қаерда сақланаётганини ҳам билмаймиз”, - дейди Муқаддам Тўлаганова.

Ҳуқуқ ҳимоячилари сўзларига кўра, С.Тўлагановга нисбатан аввалига таъна-дашномлар, кейин эса таъқиблар 2004 йилда – Ўзбекистон таълим тизимида авж олган коррупция, ноҳақликлар ҳақидаги чиқишидан сўнг бошланган.

“С.Тўлаганов Интернетда таълим соҳасидаги коррупция ҳақида очиқ фактли мақола чоп этган эди. Бу анчагина шов-шувларга сабаб бўлган. Бундан ташқари, Тошкентда аҳолининг пулига қурилган банк уйлари ортидаги порахўрлик ҳақида ҳам далил-исботларга бой чиқишлар қилган. Эндиликда унинг туҳматчиликда айбланиб, қамаб қўйилиши ортида аслида ана шу чиқишлар бўлса керак”, - деб ҳисоблайди С.Тўлагановнинг педагог касбдошларидан бири.

С.Тўлаганов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг жиноий жавобгарликка тортилган 15-аъзоси бўлди.
XS
SM
MD
LG