Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 22:47

Ўзи берди, ўзи оляпти


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 1996 йилда ўз фармони билан деҳқончилик учун оилаларга тарқатиб берган 75 минг гектар ерни эгаларидан қайтариб олишга буйруқ берди.

Тожикистон президенти девонининг қишлоқ хўжалиги ва ер масалалари бўлими вакили Холмат Холбоевнинг айтишича, бўлиб берилган ерлар ундан икки йил давомида самарали фойдаланмаган шахслардангина қайтариб олинади.

“Давлат раҳбари фармонига биноан бўлиб берилган ерлардан унумли фойдаланилмагани маълум бўлди. Айни пайтда ҳукуматнинг махсус комиссияси жойларда текширув ўтказмоқда. Комиссия аъзолари хулосасида ҳақиқатдан ҳам бу далиллар тасдиқланса, албатта, ўша ер эгаларидан ерлар қайтариб олинади ва ер муҳтож деҳқонларга берилади”, - деди Х.Холбоев.

Бироқ деҳқонлар фақат ердан фойдаланмаётганлардан эмас, балки пахта ўрнига шоли ва бошқа шу каби экинлар экаётган кишилардан ҳам ерлари қайтариб олиниши айтилаётганини билдирди.

Деҳқон Анвар Эрматов дарҳақиқат гектар-гектар ерлар бекор ётганини, олинган ерлар йиллар давомида ишлатилмаётганини айтади.

“Берилган ерларнинг атиги 20 фоизигина ишлатиляпти, десак муболаға бўлмайди. Чунки ер ўз эгасини топмаган. Аслида сув бошдан лойқаланган. Ижроия ҳокимиятлари раҳбарлари ерни деҳқонга эмас, балки пулдорларга сотган. Улар ердан фойдаланишни билмайди. Шунинг учун ҳам ўша ерлар бекор ётгандан кўра, қайтариб олиниб, жойига буғдой экилгани афзал. Бир килограмм ун икки сомоний бўлгандан кейин, албатта, яшаш қийин бўлади-да”, - деди Анвар Эрматов.

Кўпгина деҳқонлар айримларнинг ердан фойдаланмагани туфайли кўплаб кишилар ерсиз қолиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқда.

Гулноза Холиқова оиласи учун ажратиб берилган 70 сотих ердан бир неча йилдан буён унумли фойдаланиб турганини ва деҳқончиликдан олинган даромад эвазига тўрт ўғлини уйлантирганини билдирди. Аммо у ери қайтариб олинса, оиласининг аҳволига вой бўлишини таъкидлади.

Тожикистонликларнинг баъзилари ер ўз эгасини топмагани боис, у давлат ихтиёрига олиниб, буғдой экилса ва ун арзонлашса, яхши бўлишига умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG