Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:46

Ўзбекистон судлари ўлим ҳукми чиқаришдан тийилгани йўқ


Ўзбекистонда 2008 йил 1 январдан ўлим жазоси бекор қилинганига қарамай, мамлакат судлари жиноятчиларга нисбатан бундай жазони қўллаш ҳақида ҳукм чиқаришда давом этмоқда.

Ўлим жазоси Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонга Совет Иттифоқидан мерос қолган. Сўнгги йилларда минтақа ҳукуматлари олий жазони йўқ қилиш борасида зарурий чоралар кўрмоқда.

Ўлим жазоси масаласи билан шуғулланувчи “Penal Reform International” халқаро ташкилотининг Марказий Осиёдаги вакили Гулнора Калиакбарова IPS ахборот агентлигига берган интервьюсида ўлим жазосини бекор қилишда минтақа давлатларида олдинга силжиш кузатилаётганини айтганди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир минтақадаги тўрт давлатда ўлим жазоси бекор қилинган.

Туркманистон 1999 йилда олий жазони бекор қилган. 2006 йил июнда Қирғизистон Жиноят кодексидан ўлим ҳукми олиб ташланган. 2003 ва 2004 йилларда Қозоғистон ва Тожикистон ўлим жазосига мораторий эълон қилган. Жорий йил май ойида Қозоғистон ҳам ўлим жазосини бекор қилди.

2005 йил августида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакатда ўлим жазосини 2008 йил 1 январдан бекор қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Жорий йил июнида эса Cенат аъзолари ўлим жазосини умрбод ёки узоқ муддатли қамоқ жазосига алмаштириш ҳақидаги қонунни қабул қилган.

Бироқ “Халқаро амнистия” ташкилоти вакиласи Зулфия Абдуллаева Ўзбекистон президенти фармонига қарамай, ҳакамлар олий жазони қўллашни давом эттираётганини айтади.

“Ўзбекистонда судлар ўлим жазосини қўллаганидан хабаримиз бор. Жорий йил май ойида ҳакамлар яна ўлим жазосини қўллади. Шу боис, ўлим жазоси 2008 йил 1 январдан бекор қилинганига қарамай, биз Ўзбекистон ҳукуматини ўлим жазоси ва унинг ижросига дарҳол мораторий эълон қилишга чақирамиз”, – деди З.Абдуллаева.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов мамлакат судларида олий жазо қўлланилганини аниқлаш қийин эканини, чунки судланганлар яқинлари ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилмаса, бу ҳақда расмийлар томонидан ҳеч қандай маълумот берилмаслигини айтади.

Зулфия Абдуллаева эса ўлим жазосига ҳукм этилган маҳбуслар қатл этилмаслиги, балки умрбод ёки узоқ муддатли қамо жазосини ўташига умид билдирди.

“Шунингдек, биз Ўзбекистон ҳукуматини ўлимга ҳукм этилган маҳбуслар шароитини яхшилаб, халқаро андозалар даражасига етказишга чақирамиз”, – дейди “Халқаро амнистия” вакиласи.

Шу кунларда БМТ Бош ассамблеянинг 62-сессияси бўлиб ўтмоқда. Йиғилиш қатнашчиларига ўлим жазосига глобал миқёсда мораторий эълон қилиш ҳақидаги резолюция тақдим этилади. Резолюция Бош ассамблея томонидан тасдиқланиши дунё бўйича ўлим жазосини тақиқлаш йўлида муҳим омил бўлишини таъкидлаган З.Абдуллаева ҳужжатни Ўзбекистон ҳам қўллаб-қувватлашига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG