Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:59

Алишер Усмонов Крейг Мюррейга рақиб бўлди


Россиялик корчалон Алишер Усмонов ўзини танқид қилгани учун Буюк Британиянинг сиёсий йўналишдаги бир неча Интернет нашрларини туҳмат қилганлик айби билан ёптириб қўйди.

А.Усмонов назоратидаги “Schillings” компанияси талаби билан вақтинча ёпиб қўйилган сайтлар орасида Буюк Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Крейг Мюррейга тегишли сайт ҳам бор.

Буюк Британиядаги хостинг ширкатларидан бири А.Усмонов 1980 йилдан 1986 йилгача қамоқда жазо ўтагани билан боғлиқ маълумотлар низо манбаи бўлганини билдирди.

Крейг Мюррейга тегишли сайтда А.Усмонов жиноятчилиги учун саккиз йиллик қамоқ жазосига тортилгани аниқ айтилади. А.Усмонов эса сиëсий сабаблар билан қамоқда ўтирганини таъкидламоқда.

Корчалон билан таниш бўлган журналист Анвар Усмонов унинг қамалишида сиёсий сабаблар йўқлигини маълум қилди.

“А.Усмонов сиëсий сабаб билан қамалмаган. Унинг прокурор отаси Бурҳон Усмонов ўша пайтдаги Тошкент обкоми биринчи котиби Абдураззоқов билан тил бириктириб, Шароф Рашидовга қарши чиқди. Ўшандан кейин А.Усмонов қамалди”, - дейди Анвар Усмонов.

К.Мюррей назарида А.Усмонов қароқчилик ва талончилик орқасидан бойиган криминал шахс.

“Бу ҳақда шубҳа бўлиши мумкин эмас. А.Усмонов қароқчилик ва коррупция учун саккиз йил қамоқда ўтириб чиққан”, - дейилади бу ҳақдаги тафсилотларда.

К.Мюррей ўз нашрларида, асосан, Каримов режимини танқид қилади. Ҳозир Германияда яшаётган журналист Анвар Усмонов Алишер Усмонов айнан Оқсарой тавсияларига кўра номақбул сайтларни ёпишга тиришаётгани ҳақидаги гапларда жон борлигини айтади.

“Мен Москвада Алишер Усмонов билан учрашганимда у Кремль ва Оқсарой ўртасида кўприк эканини айтган эди. Менимча, А.Усмоновнинг орқасида яширин кучлар турибди”, - деди Анвар Усмонов.

К.Мюррей россиялик миллиардер А.Усмоновни Ўзбекистондаги криминал доираларда сўзи ўтадиган шахслар, хусусан, Ғафур Раҳимов ва Гулнора Каримова билан жиноий алоқа қилганликда айблайди. У Кремль А.Усмонов воситачилигида Каримов режимига таъсир ўтказаётганини таъкидлайди.

“Усмонов “Газпроминвестхолдинг” раиси сифатида “Газпром” номидан собиқ иттифоқ давлатлари билан сиëсий муносабатларга масъул. Аниқроқ айтсак, Усмонов Россия сиëсий манфатлари учун собиқ иттифоқ мулозимларини порага сотиб олиш билан шуғулланади. Масалан, Ўзбекистон газ захираларининг “Газпром” қўлига ўтиши айнан Усмонов орқали амалга ошди. Бу келишув эса Владимир Путиннинг Ўзбекистонни Россия назоратига қайтариш режасининг бир қисмидир”, - дейди К.Мюррей.

Унинг бу гапларига журналист Анвар Усмонов ҳам қўшилади.

К.Мюррейга тегишли сайтда эълон қилинган танқидий мақолалар россияликлар тасаввурида фариштадай саховатпеша сифатида гавдалантирилган А.Усмоновнинг ижобий қиëфасига соя ташлади. Шу боис, у Буюк Британиянинг собиқ элчисини туҳматчиликда айблаб, бу ëзувлар битилган нашрлар ëпиб қўйилишига эришди.

“Бу жуда номақбул иш бўлди, ойни этак билан ëпиб бўлмайди, - дейди журналист Анвар Усмонов. – У ғирт коммунистча услуб билан нашрларга қарши курашмоқда. Москва халқаро алоқалар институти дипломига эга бўлган А.Усмоновда дипломатларга хос заррадай фаросат бўлса, бу ишни қилмас эди”.

Буюк Британиянинг собиқ элчиси сайтини ëпган корчалон А.Усмоновнинг ўзи бир қанча нашрлар соҳибидир. Россиядаги “Коммерсант” нашриёт уйи тўлалигича, “7 ТВ”, “Муз ТВ” телеканаллари қисман унга тегишли.

“Форбс” журнали Наманганвилоятда туғилган А.Усмоновни ер куррасининг энг бой одамлари сирасига киритган.
XS
SM
MD
LG