Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:00

Ҳукумат “мард” бўлади, айтаверади, қайтаверади


Тожикистон ҳукумати “Тожиккимёсаноат” корхонасини сотиш бўйича ўтказилган халқаро тендер натижаларини бекор қилди. Бу тендерда Буюк Британиянинг “Энжик химикал” компанияси ғолиб чиққанди.

Британияликлар корхонани кимошди савдосида 10 миллион сомоний ёки 3 миллион АҚШ долларига сотиб олганди..

Тендер ўтказишга масъул бўлган Тожикистон Сармоялаш ва давлат мулкини бошқариш қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмадшариф Нозимов бу қарор бекор қилингани сабабини “Тожиккимёсаноат”ни сотиб олиш имкониятига эга сармоядорлар мамлакат ичида ҳам топилиши билан изоҳлади.

Унинг айтишича, тендерда қатнашиш учун “Энжил химикал” томонидан тўланган кафолат пули қайтариб берилган.

“Тожиккимёсаноат”ни сотиб олиш имкониятига эга маҳаллий сармоядорлар нега тендерда қатнашмагани, улар кимлар экани тўғрисидаги саволларни эса М.Назаров жавобсиз қолдирди.

“Тожиккимёсаноат”нинг ўз исмини ошкор этишни истамаган вакили “Озодлик” мухбири билан суҳбатда корхонани мамлакат президентининг яқин қариндошларидан бири, “Ориёнбанк” раҳбари Ҳасан Саъдуллаев сотиб олиш истагини билдиргани, шунинг учун халқаро тендер натижалари бекор қилинганини таъкидлади. Мустақил кузатувчилар ҳам бу гапда жон борлигини маълум қилди.

Аммо мустақил кузатувчи Ҳожимуҳаммад Умаров “Тожиккимёсаноат”ни сотиб олиши мумкин бўлган маҳаллий сармоядорлар унинг фаолиятини замонавий талаблар асосида йўлга қўя олишига ишонмайди.

“Юқори доираларга мансуб маҳаллий сармоядорлар катта маблағга эга бўлганига қарамай, иш тажрибасига, замонавий технологияга эга эмас. Шунинг учун улар жаҳон бозори талабларига жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқаришига кўзим етмайди”, - дейди Ҳожимуҳаммад Умаров.

Унинг сўзларига кўра, “Тожиккимёсаноат” ҳеч қандай муҳим стратегик аҳамиятга эга эмас, бу корхона қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган минерал ўғитлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Тожикистон Сармоялаш ва давлат мулкини бошқариш қўмитаси вакили Маҳмадшариф Нозимовнинг таъкидлашича, айни пайтда “Тожиккимёсаноат” корхонаси учун қайтадан халқаро тендер эълон қилинишга оид ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
XS
SM
MD
LG