Линклар

logo-print

Яхши ишга таклиф этилиб, жинсий қулликка тушган ўзбек аёллари


Куни-кеча мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Шарқий Қозоғистондаги Уст-Каменогорскда мажбурий равишда жинсий қулликда сақланиб келинган икки ўзбек аёлини озод этди.

Уст-Каменогорск миграция полицияси матбуот котиби Лариса Поломошнаянинг айтишича, бу аёлларни Олмаота шаҳрида яшайдиган узоқ қариндоши яхши ҳақ тўланадиган ишга, ўзбек миллий таомлари тайёрлашга таклиф этган. Аёллар Уст-Каменогорскдаги қаҳвахоналардан бирида ошпаз бўлиб ишлаш таклифига дарҳол рози бўлган. Миграция карточкаларини расмийлаштиришни ваъда қилган қаҳвахона эгаси кўп ўтмай уларни қаҳвахона мижозларининг кўнглини овлайдиган фоҳишаларга айлантирган. 27 ва 42 ёшли ўзбек аёллари дастлаб ваъда қилинган минг долларлик маош ўрнига ҳужжатларидан маҳрум бўлиб, жисмоний куч қўллаш билан пўписа қилган қаҳвахона эгасининг айтганларини бажаришдан бошқа иложи қолмаган.

“Улар кунига баъзида 5-6 мижознинг кўнглини овлашга мажбур бўлган. Озод этилгандан кейинги суҳбат давомида бу аёлларнинг ўта саводли эканига гувоҳ бўлдик. Аёллар ўзбек тилидан ташқари рус, қозоқ, инглиз тилларида бемалол гаплаша оларди. Уларни Қозоғистонга тирикчилик учун келишига моддий қийинчилик сабаб бўлган”, - дейди Лариса Поломошная.

Қарағанда шаҳридаги “Инқироз маркази” раҳбари Наталья Усачёва сўнгги пайтларда Қозоғистонда қулликка тушиб қолаётганлар сони кўпаяётгани, уларнинг асосий қисмини Ўзбекистондан келаётган меҳнат муҳожирлари ташкил этаётганини таъкидлади.

Яқинда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги тез орада мамлакат одам савдоси ҳамда қулликка қарши халқаро конвенцияни ратификация қилишини билдирган эди. Кўпгина инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу мавжуд муаммонинг ҳал бўлишига ёрдам бермаслигини айтмоқда. Наталья Усачёва ҳам шундай фикрда.

“Одам савдоси ва қуллик муаммоси ҳал этилмаслигига ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг бунга бефарқ қараши ва замонавий қулдорлар билан алоқадорлиги сабабдир. Агар бу ишга улар аралашса, муаммо ёпиқлигича қолади”, - деди Наталья Усачёва.
XS
SM
MD
LG