Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:18

Ҳизбчилар алоҳида қамоқхонада ўтиради


Қозоғистон Адлия вазирлиги радикал исломий ташкилотлардаги иштироки учун озодликдан маҳрум этилган маҳбуслар махсус қамоқхонада жазо муддатини ўташи ҳақида қарор қабул қилинганини билдирди.

Адлия вазирлигининг жазони ижро этиш тизими тарқатган хабарномада айтилишича, “Ҳизб ут-таҳрир”, “Мусулмон биродарлар”, “Шарқий Туркистон исломий партияси” каби исломий экстремистик ташкилотларга аъзоликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган шахслар яқин кунларда Орқалиқ шаҳридаги махсус колонияга ўтказилади.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари бу муассаса Қозоғистоннинг ўзига хос Гуантанамоси бўлиб қолиши, ундаги маҳбусларга нисбатан қийноқлар кўпайиб, бу ҳолат назоратсиз қолиши мумкинлиги ҳақида ёзаётир.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам исломий экстремистик гуруҳлар саналадиган ташкилотларга аъзоликда айбланган маҳбуслар махсус қамоқхонага ўтказилишига норозилик билдирмоқда.

“Бу мутлақо субъектив бўлган дискриминациянинг бир кўринишидир”, -дейди Инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотининг Олмаотадаги ваколатхонаси раҳбари Евгений Жовтис.

Аммо расмийлар махсус қамоқхона ташкил этиш тўғрисидаги қарорни бошқача изоҳламоқда.

Уларнинг таъкидлашича, колониялардаги исломий экстремистик ташкилотлар аъзолари бошқа маҳбуслар ўртасида қизғин тарғибот юритаётир. Бу эса экстремистлар ўзларига кўпроқ тарафдор орттиришига олиб келяпти.

Бироқ Е.Жовтис исломчи маҳбуслар чиндан ҳам ён-атрофидагилар орасида кучли тарғибот юритишини тан олар экан, уларни махсус қамоқхонага ўтказиш муаммонинг ечими эмаслигини билдирди. У ғояга қарши ғоя билан курашиш кераклигини таъкидлади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Жемис Турмағамбетова эса Адлия вазирлиги қарори халқаро ҳуқуқ ва инсонпарварлик меъёрларига мутлақо зид экани ҳақида гапирди.

“Бу қарор бажарилиши учун, аввало, Жиноий жазони ижро этиш кодексига ўзгартишлар киритилиши ва у парламент томонидан тасдиқланиши керак”, - деди Ж.Турмағамбетова.

Кўпгина маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари исломий экстремистликда айбланган маҳбуслар учун махсус қамоқхона ташкил этиш эҳтимолий террорчиларни етиштириш мактабини очиш билан баробар эканини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG