Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:31

Баёнот билан ун нархини тушуриб бўлармикин?


Тожикистоннинг мухолифатдаги учта партияси - Социал демократик ва Социалистик партиялар ҳамда Демократик партиянинг Маҳмадрўзи Искандаров қаноти вакиллари мамлакатда ун нархининг ошишидан норозилик билдириб, баёнот тарқатди.

Баёнот муаллифлари мамлакатда асосий истеъмол маҳсулотлари нархлари ошиши сиёсий вазиятни издан чиқариши табиийлигини уқтирган.

Улар амалдаги ҳукумат раҳбарларини ун ва ун маҳсулотлари нархини туширишга оид зарурий чоралар кўришга чақирган ва бунинг учун бир неча таклифларни илгари сурган. Жумладан, мамлакатга импорт қилинадиган ғалла маҳсулотларига белгиланган солиқ мамлакатдаги вазият юмшагунга қадар бекор қилиниши таклиф этилган.

Ундан ташқари, дейилади баёнотда, Олий кенгаш, ҳукумат ва Бош прокуратура истеъмолчилар манфаатини ҳимоялаш мақсадида нарх белгилаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоялашга оид қонунни қаттиқ назорат остига олиши зарур.

“Мамлакат аҳолисининг энг асосий маҳсулотларидан бири саналган ун нархи жуда қисқа вақт орасида 57 сомонийдан 110 сомоний ёки тахминан 30 долларга кўтарилганидан ташвишдамиз. Чунки мамлакат аҳолисининг ўртача маоши 20 сомонийни ташкил этади. Аксарият фуқаролар олган маошига бир қоп ун ҳам сотиб ололмайди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунларга ижроия ҳокимиятлари амал қилмаётир”, - дейди баёнот муаллимларидан бири, Демократик партия вакили Раҳматулло Валиев.

Социал демократик партия раиси ўринбосари Амният Абдуназаров эса бу баёнот нафақат сиёсий партиялар, балки Тожикистон аҳолисининг ҳам баёноти эканини билдирди.

“Агар ҳукумат ўз фуқароларини таъминлай олмас экан, истеъфога чиқсин, бу, менимча, энг тўғри йўл”, - деди Амният Абдуназаров.

Маълум бўлишича, баёнот лойиҳаси мамлакатдаги барча сиёсий партияларга тарқатилган, аммо Аграр партия ва Иқтисодий ислоҳотлар партияси бу таклифни қабул қилмаган. Ислом уйғониш партияси ва Коммунистик партия раҳбарлари эса баёнот лойиҳаси ўрганиб чиқилиб, унга кейинроқ жавоб берилишини билдирган.

А.Абдуназаров айрим партиялар ҳукумат билан муносабатларни бузмаслик учун амалдорлар содир этаётган қонунбузарликларни кўрмасликка олаётганини танқид қилди.

Иқтисодий ислоҳотлар партияси раиси ўринбосари Рустам Назаров партияга ҳеч қандай баёнот лойиҳаси тақдим этилмаганини маълум қилди. Шу билан бирга, у Тожикистонда қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари нотўғри йўлдан кетаётганини қўшимча қилди.

“Собиқ иттифоқ даврида соҳа мутахассислари Тожикистондаги ерлар 37-40 миллион кишини озиқ-овқат билан таъминлай олиши мумкинлигини ҳисоблаб чиққан. Аммо ҳозир биз Эрондан тухум, Покистондан картошка, Қозоғистондан буғдой олиб ўтирибмиз. Уч-тўртта тужжор фойдасига пахта экиш билан чекланар эканмиз, ерни деҳқон ихтиёрига топширмас эканмиз, аҳвол шу тариқа давом этаверади”, - деди Р.Назаров.

Тожикистон Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирлиги матбуот маркази бошлиғи Ғафуржон Расулий сиёсий партиялар баёнотига муносабат билдирар экан: “Мамлакатда ун ва кундалик зарурий озиқ-овқат нархларини арзонлаштириш йўлида турли чора-тадбирлар кўрилаётир. Жумладан, ҳафта бошида вазирлигимизда ўтказилган мажлисда мутасаддилар мавжуд муаммога оид жиддий топшириқлар олди”, - деди.
XS
SM
MD
LG