Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:34

Тожикистон туркман президенти ташрифига катта умид боғламоқда


Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 4-7 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган МДҲ саммитида Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ҳам иштирок этиши кутиляпти.

Тожикистон расмийлари Туркманистон раҳбарининг бу ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларга жиддий ижобий таъсир этишига умид боғламоқда.

Жумладан, “Барқи тожик” холдинг компанияси бош муҳандиси ўринбосари Рашид Гулов Қ.Бердимуҳаммедовнинг Тожикистонга ташрифи энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг жонланишига туртки бўлишини ва мамлакат йил бўйи электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминланишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

“Туркманистон президенти махсус топшириғига биноан 2007-2008 йилларда Тожикистонга туркман электр энергияси узлуксиз узатиб берилиши режалаштирилган. Айни пайтда бу борада Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги музокаралар давом этмоқда”, - деди Р.Гулов.

Унинг айтишича, бу режа амалга ошишига Ўзбекистон томонидан муаммо бўлмайди. Чунки у Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти аъзоси сифатида икки давлатнинг ўзаро ҳамкорлигига тўсиқ бўлмаслиги зарур.

Аммо сиёсатшунос Абдуғани Мамадазимов Тожикистоннинг бу режаси амалга ошиши Ўзбекистон расмийларига бевосита боғлиқнини билдирди.

“Шу нуқтаи назардан Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Туркманистон президентининг Душанбега сафарини катта ютуқ сифатида баҳолаётгани бироз муболағали. Бу ташриф тожик-туркман ҳамкорлиги ривожи учун бир қадам, холос”, - деди сиёсатшунос.

Тожикистон Демократик партияси раиси Маъсуд Собиров ҳам бу оддий ташриф экани, уни шов-шувга айлантириш мантиқсизлигини таъкидлади.

Тожикистонда кам сонли бўлса-да, туркман талабалари таҳсил олади. Тожик халқи тарихига қизиқадиган Серпэй ҳам улардан бири. У Садриддин Айний номидаги Тожикистон педагогика университетида ўқийди. Серпэй ўқиш учун шартнома асосида йилига беш юз доллар тўлашга мажбур. Серпэй пулни тежаш учун Туркманистонга кам бориши, яқинлари ҳам икки давлат ўртасидаги виза тартиби сабабли Тожикистонга кела олмаслигини билдирди.

“Мамлакатимиз раҳбари Тожикистонга келаётганидан хурсандман. Президент Душанбеда туркманистонлик фуқаролар билан ҳам учрашишига умид қиламан. Учрашувда талабалар ҳаётидаги айрим муаммолар ҳал бўлишига, икки давлат ўртасида виза тартиби бекор қилинишига аҳамият қаратилса, ажаб эмас”, - деди туркман қизи.
XS
SM
MD
LG