Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:06

“Яланғоч Назарбоев” газета ёпилишига сабаб бўлиши мумкин


Қозоғистоннинг мухолифатдаги энг нуфузли “Свобода слова” газетаси президент Нурсултон Назарбоевнинг чўмилиш кийимидаги суратини чоп этиб, ўз фаолиятини катта хавф остига қўйди.

Бу билан газета нафақат мамлакат парламенти, балки Бош прокуратура ҳамда Маданият ва Ахборот вазирликлари тимсолида ўзига душман орттирди. Улар газетани бутунлай ёпиб қўйиш билан пўписа қилмоқда.

Парламент депутатларидан бири Бекбўлат Тлеухон Н.Назарбоевнинг бу суратини чоп этишга журъат этган газета таҳририятини президент шаъни ва обрўсини ҳақоратлашда айблади.

“Свобода слова” газетаси бош муҳаррири Гулжон Ергалиева нашр қонунга қарши иш қилмагани, президент суратини чоп этгани учун судланиши эса оддий аҳмоқликдан бошқа нарса эмаслигини айтмоқда. Аммо “Журналистлар хавф остида” халқаро жамғармаси раҳбари Розлана Таукина Қозоғистонда қонун юқорининг буйруғи билан ҳар қандай талқин этилиши мумкинлигини эслатди.

“Газета бу суратни чоп этиб, президент шаънини ҳақоратлашни кўзламаган. Қолаверса, сурат ғарблик сураткаш томонидан олинган бўлиб, у илк бор Ғарб нашрларида чоп этилган. Расмийлар бу нашрларни эмас, айнан маҳаллий мухолифат газетасига ташланаётгани уни ёпиб қўйишга қаратилган навбатдаги ҳаракатдан бошқа нарса эмас”, - деди Розлана Таукина.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари расмийларнинг жиғига теккан ҳолат президентнинг бу сурати муқаддас рамазон ойида чоп этилгани экани ҳақида ёзмоқда.

Парламент депутати Бекбўлат Тлеухоннинг айтишича, Н.Назарбоев қозоқ халқи учун “Яратган юборган элчи” ва унинг чўмилиш кийимидаги сурати рамазон ойида чоп этилиши нафақат президент, балки бутун қозоқ халқи учун ҳақоратдир.

“Свобода слово” бош муҳаррири Гулжон Ергалиева эса депутатнинг бу гапига жавобан Қозоғистон исломий эмас, дунёвий давлат эканини эслатди.

“Назарбоев ҳам хон тўнини эмас, замонавий костюмларни кияди”, - дейди Е.Ергалиева.

Мамлакатда энг катта тиражга эга бўлган мухолифатдаги “Свобода слова” газетасини ёпишга ҳаракатлар илгари ҳам кузатилган. Газета журналистлари фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида уларга бир неча марта ҳужумлар уюштирилган. Г.Ергалиева ва оиласи ҳам номаълум шахслар калтагидан бебаҳра қолмаган.

“Оиламга ҳужум ҳам қилишган, дўппослашган ҳам. Бунинг оқибатида эрим бир умрга ногирон бўлиб қолди. Аммо қўрқув энг кучли туйғу эмас, уни ҳам енгиш мумкин”, - дейди Г.Ергалиева.
XS
SM
MD
LG