Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:03

Глобал иқлим исиши Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмайди


БМТ Бош ассамблеянинг 62-сессиясида кун тартибига қўйилган асосий масалалардан бири глобал иқлим исиши муаммосидир. Иқлим исиши бугунги кундаги энг долзарб муаммолардан бири сифатида эътироф этилди.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун 24 сентябрь кунги чиқишида сайёрамиз исиб бораётганига шубҳа қиладиган вақт ўтиб кетганини таъкидлади.

“Иқлим ўзгариши бўйича тузилган БМТ ҳукуматлараро комиссияси глобал иқлим исиши одам фаолияти билан боғлиқ, деган аниқ хулосага келди”, – деди Пан Ги Мун ва ҳозирданоқ чора кўрилмаса, иқлим ўзгариши оқибати фожеавий бўлишини уқтирди.

БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро комиссияси жорий йил бошида эълон қилган ҳисоботни тайёрлашда 130 давлатдан 2,5 мингдан зиёд олим қатнашган. Ҳужжатда атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар Ер атрофига тўпланиб, иссиқлик сақланиб қолишига сабаб бўлаётгани далиллар билан исботланган. БМТ ҳисоботида иқлим исиши, айниқса, қуруқликда ҳамда шимол баландликларида яққол сезилаётгани билдирилган.

Олимлар фикрича, Арктика музликлари эриши оқибатида 21-асрда денгиз сатҳи 18 сантиметрдан 59 сантиметргача кўтарилиши мумкин. Бундан ташқари, Европанинг шимоли-шарқига келаётган илиқ океан оқимлари секинлашиши кутиляпти. БМТ ҳукуматлараро комиссияси ҳисоботида глобал илиқлашув оқибатида бўрон, тўфон, сув тошқинлари ва бошқа табиий офатлар аввалгига қараганда тез-тез содир бўлиши башорат қилинган.

Иқлим ўзгариши сўнгги йилларда Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда ҳам сезилмоқда. Баҳорда ёғингарчилик кўп бўлиши, ёзда иссиқ ҳарорат узоқ муддат сақланиб қолиши кузатиляпти. Олимлар вазият шу тарзда давом этса, минтақа давлатларида ичимлик сув жиддий муаммога айланиши мумкинлигини билдираётир.

Шу боис, эколог Аҳтам Шоймардонов таъкидича, Марказий Осиё ҳукуматлари муштарак лойиҳаларни амалга оширишда иқлим ўзгаришини ҳам ҳисобга олиши лозим. Айни пайтда минтақа давлатлари, жумладан, Ўзбекистон табиат инжиқлигининг ёмон оқибатларига доим тайёр туриши керак.

“Глобал иқлим исишининг минтақамиз учун энг ёмон оқибати чўллашиш кучайишидир. Иқлим исиши сабабли тоғ тизмаларидаги ўзгаришлар, яъни мангу музликларнинг эриши муддати ва ёмғир-қор ёғиши вақти ўзгариши мумкин. Бундан ташқари, Марказий Осиёда аввал кузатилмаган ҳодисалар рўй бериши ёки кузатилган табиат инжиқликлари кучли ҳолда рўй бериши мумкин. Шу боис, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бунга олдиндан тайёргарлик кўриши, ходимлар махсус тайёргарликдан ўтказилиши ва стратегик дастур ишлаб чиқилиши керак”, – дейди А.Шоймардонов.

“Экосан” халқаро ташкилоти раҳбари Юсуф Шодиметов ҳам глобал иқлим исиши минтақада ичимлик сув камайишига олиб келиши мумкин, деган фикрга қўшилади. У бу муаммони ҳал этишда халқаро ҳамжамият, хусусан, БМТ ташкилотлари билан бирга чора кўриш кераклигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG