Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:41

Журналистларга “долзарб вазифалари” ўргатилди


Тошкентда “Фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш – миллий тараққиётнинг устивор вазифаси: оммавий ахборот воситалари олдида турган долзарб вазифалар” мавзуида анжуман бўлиб ўтди.

Тадбир ташкилотчиларидан бири бўлмиш Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ижтимоий жамғармаси вакиласи Мавжуда Йўлдошева анжуман Тошкентда ўтаётган ахборот коммуникацияси технологиялари ҳафталиги доирасида ўтказилгани, унда парламент аъзолари, турли жамоат ташкилотлари вакиллари, журналистлар қатнашганини билдирди.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти асослари шаклланмаган, дейиш нотўғридир. Мамлакатда фуқаролик жамияти шакллантириляпти, аммо бу тезда бўладиган иш эмас.

Мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов эса Ўзбекистонда фуқаролик жамияти орқага кетаётганини айтади.

“Ўзбекистонда Андижон воқеаларигача фуқаролик жамиятининг асосий институтлари ва қадриятлари базаси шаклланган эди. Лекин Андижон воқеаларидан кейинги икки йилда фуқаролик жамияти институтларига нисбатан ҳукумат муносабати шу қадар радикаллашдики, шу пайтгача эришилган ютуқлар 10-15 йилга орқага ташлаб юборилди”, - дейди К.Раббимов.

Анжуманда “ОАВ олдидаги долзарб вазифалар” ҳақида ҳам сўз борди. Мавжуда Йўлдошева бу қандай вазифалар экани ҳақидаги саволга жавоб берар экан: “Ҳар бир журналист ўз олдига мақсад-вазифа қўяди-ку! Шунга ўхшаб ОАВнинг ҳам мақсад-вазифаси бўлади-да”, - деди.

Лекин мустақил журналист ва ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаров таъкидича, ОАВ тўғрисидаги қонунга қаралса, ахборот воситаларига ҳеч ким, ҳеч қандай шаклда вазифа қўйиши мумкин эмас.

Тошкентда ўтказилган анжуман тўғрисида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги рус тилида тарқатган хабарда бундай дейилган:

“Анжуманда глобаллашув жараёнида ОАВнинг ёшларни турли руҳий-маънавий ва мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш ишидаги масъулиятини ошириш вазифаси долзарб экани айтиб ўтилди”.
XS
SM
MD
LG