Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:24

Қ.Бердимуҳаммедов: “Борис Шихмуродов ва Ботир Бердиев тирик”


Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов жаҳоннинг энг мустабид режими, дея айтилаётган давлатда ўзини сиёсий эркинликлар сари қадам ташлаётган раҳбар сифатида кўрсатмоқда.

Ҳафта бошида Нью-Йоркдаги Колумбия университетида талабалар саволларига жавоб бера туриб, Қ.Бердимуҳаммедов энг таниқли туркман сиёсий маҳбуслари – Туркманистоннинг собиқ ташқи ишлар вазирлари Борис Шихмуродов ва Ботир Бердиев тирик эканига ишонч билдирди. Шунингдек, у Қадр кечаси арафасида Туркманистонда кенг кўламли амнистия эълон этилиши ва минглаб маҳбус озодликка чиқарилишини ҳам ваъда қилди. Аммо Туркманистон президенти БМТ Бош ассамблеясида чоршанба куни қилган асосий нутқида инсон ҳуқуқларига тўхталмади. Кўпчилик ундан айнан шундай маърузани кутганди.

Колумбия университетидаги чиқишида Қ.Бердимуҳаммедов бу йил 10 октябрга тўғри келадиган Қадр кечаси арафасида эълон қилинадиган амнистия туфайли 9 минг киши озодликка чиқиши, ҳозир махсус комиссия бу иш билан шуғулланаётганини билдирган эди. Аммо Б.Шихмуродов ва Б.Бердиевнинг тириклигини маълум қилган президент уларнинг кейинги тақдирига ойдинлик киритмади. Бу шахслар 2002 йил 25 ноябрда Туркманистоннинг ўша пайтдаги президенти Сапармурод Ниёзовга суиқасд қилишда айбланган, шу пайтгача уларнинг тақдири номаълум қолаётган эди.

Борис Шихмуродовнинг ўғли, рўйхатга олинмаган Туркманистон республикачилар партияси лидери Байрам Шихмуродов Қ.Бердимуҳаммедов унинг отаси ва Б.Бердиев ҳақидаги саволга очиқ жавоб берган илк туркман расмийси эканини билдирди.

“Сўнгги бор улар ҳақида С.Ниёзов тўрт йил аввал гапирган эди. Ашхободда дипломатик корпус вакиллари билан учрашув пайтида бу масала кўтарилганида Туркманбоши улар ҳали қамоқхонада ўтириши, беш йилгача улар билан учрашувга рухсат берилмаслигини айтган эди”, - деди Байрам Шихмуродов.

Айни пайтда кўпчилик туркманлар октябрда эълон этилажак амнистияни катта умидлар билан кутмоқда. Айримлар озод этиладиганлар орасида Б.Шихмуродов ва Б.Бердиев ҳам бўлади, деган ишончда.

Туркманбошига суиқасд иши бўйича айбланганларнинг бир қисми икки ой аввал озодликка чиққан эди. Аммо Байрам Шихмуродов отасининг амнистия этилишига ишонмайди.

Қ.Бердимуҳаммедовнинг АҚШга сафари чоғида С.Ниёзов режимининг яна бир қурбони – “Озодлик” радиосининг Ашхободдаги мухбири Ўғилсапар Муродованинг қамоқхонадаги шубҳали ўлими билан боғлиқ масала ҳам кўтарилди. Нью-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қ.Бердимуҳаммедовнинг АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс билан учрашуви олдидан Ў.Муродованинг ўтган йил сентябрда қамоқхонадаги ўлими юзасидан тергов ўтказишга чақирди. Аммо, асосан, иқтисодий масалалар кўриладиган бу учрашувда сиёсий маҳбуслар мавзуси муҳокама этилиши даргумон.

Ўтган ойда Туркманистонга сафар қилган АҚШ делегацияси бу масалани Ашхобод расмийлари билан муҳокама этган эди. Делегация таркибида бўлган АҚШнинг диний эркинликлар комиссияси таҳлилчиси Катрин Косман ўшанда Туркманистонда ўзгаришлардан умидвор экани, аммо инсон ҳуқуқлари аҳволи яхшиланишдан анча узоқлигини таъкидлаганди.
XS
SM
MD
LG