Линклар

logo-print

Абдували қорининг яқинлари автоҳалокатда ҳалок бўлди


http://gdb.rferl.org/5206462B-A36A-4339-8466-32AF434C52F1_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/5206462B-A36A-4339-8466-32AF434C52F1_mw800_mh600.jpg 26 сентябрь куни Саудия Арабистонида умра ниятида сафарга чиққан андижонлик уламо Абдулқуддус Мирзаев авиаҳалокатда ҳалок бўлди. У билан бирга онаси Шарифа опа ва ўғли Абдулвадуд ҳам оламдан кўз юмди.

Абдулқуддус ўзбекистонлик машҳур дин арбоби, 1995 йилда Тошкент аэропорти биносида бедарак йўқолган Абдували Мирзаевнинг ўғли бўлиб, сўнгги бир йилни Ўзбекистон махсус хизматлари таъқибидан қочиб Қирғизистонда ўтказаётган эди.

Интернет нашрлари автоҳалокат қурбонларининг жанозаси 27 сентябрь куни Макка шаҳри бош масжидида ўқилганини хабар қилди. Андижонда ҳам марҳумларни билганлар фотиҳага келаётгани айтиляпти.

Сўнгги 10 йилдан ортиқроқ вақт ичида Мирзаевлар оиласи ва қариндошлари учинчи катта фожеани бошдан кечирмоқда. 1995 йилда оила бошлиғи Абдували қори Тошкент аэропортида бедарак йўқолган. 2006 йил августида Ўзбекистон ва Қирғизистон махсус хизматлари ўтказган қўшма амалиёт пайтида президент Ислом Каримов танқидчиси бўлган ўшлик таниқли уламо, Мирзаевларнинг яқин қариндоши Муҳаммадрафиқ Камолов отиб ўлдирилди. 26 сентябрда эса бирданига оиланинг уч аъзоси автоҳалокатда нобуд бўлди.

Абдували қорининг ўғли Абдулқуддус Саудия Арабистонидаги Шариат мактабини ва Москва давлат халқаро алоқалар институтини тамомлаган.

“Абдулқуддус фақат масжиддан ташқарига чиқа олмаган имомлардан фарқли ўлароқ, замонавий воситаларни қўллай билган замонавий уламо эди. “Ислом нури” сайтини ташкил этиб, мусулмонларнинг шариат тўғрисидаги билимларини оширишга ҳаракат қилган”, - дейди ушбу сайтнинг доимий муштарийси Даврон Насибхонов.

Андижон воқеаларидан бир йил ўтгач, яъни 2006 йил 14 майда Абдулқуддус Мирзаев Андижонни тарк этиб Ўшга келди ва тегишли ташкилотлардан қочқин сифатида рўйхатдан ўтди. У Ўзбекистон махсус хизматлари уни Андижон воқеаси ташкилотчиси сифатида айблашга ҳаракат қилаётганини билдирган эди. Абдулқуддус суҳбатлардан бирида 1995 йилдан бери уларнинг оиласига нисбатан тазйиқлар тўхтамаганини айтганди.

Абдулқуддус Ўшда ҳам тинч яшай олмади.

“Бу ерда ҳам турли таъқиблардан қочиб, яшаш жойини мунтазам тарзда ўзгартиришга мажбур бўлди. Энди уни ҳеч ким безовта қила олмайди”, - деб ёзади “Uznews.net” сайти.

Қорасувлик Аюбхон Мирзаевлар хонадонига Абдулқуддуснинг муридлари номидан таъзия билдиради.

“Бу оила дин йўлида хизмат қилди ва дин йўлида охиратга кетди. Умр эса шунчаки бир синов эди”, - деди Аюбхон.
XS
SM
MD
LG