Линклар

Грузин инқилоби раҳбарлари бир-бирига тиш қайраяпти

  • Ҳасанжон

Грузия ҳукуматининг қарийб бир йил аввал сиёсий фаолиятини тўхтатган собиқ аъзоси Ираклий Окруашвили шу ҳафта сиёсатга қайтиб, ишни президент Михаил Саакашвилини танқид қилишдан бошлади.

2003 йилда Грузияда амалга оширилган “атиргул инқилоби”дан сиёсатни тарк этгунига қадар И.Окруашвили ҳукуматдаги бир неча юқори лавозимлар, жумладан, бош прокурор, ички ишлар ва мудофаа вазири вазифаларида ишлади. Қарийб бир йилдан бери у чет элда яшаб келаётган эди.

Сешанба куни сиёсатга қайтганини тўсатдан эълон қилган И.Окруашвили “Имеди ТВ” телеканалига берган интервьюсида ўзининг собиқ сафдоши, президент М.Саакашвилини кескин танқид қилди. У мамлакат раҳбарини Грузиянинг йирик тадбиркорлардан бири, “Имеди” телеканали соҳиби Бадри Патаркацишвилини ўлдириш, парламентнинг мухолифатчи депутати Валерий Гелашвилини калтаклаш ҳақида буйруқ берганликда айблади. Шунингдек, И.Окруашвили президентни Грузия черковига қарши эканликда, мамлакат ҳудудини бирлаштира олмаганликда ҳам айблади.

“Озодлик” радиоси грузин хизмати И.Окруашвилидан айтган гапларига исбот бор-йўқлигини сўраганида у: “Айтганимдек, ҳамма нарса ўз вақтида бўлади. Ҳозир мен қораловчи далиллар ўрнига ижобий ишларни қилиш ниятидаман. Агар ҳукумат шуни хоҳласа, мен далилларни тақдим этаман”, – деди.

Сиёсатни тарк этган собиқ амалдорнинг тўсатдан яна сиёсатга қайтишга қарор қилишининг боиси нимада?

“Очиқ жамият институти-Грузия” жамғармаси сиёсий шарҳловчиси Давид Дарчиашвили И.Окруашвилининг сиёсатга тўсатдан қайтиши сабаби ҳокимиятга интилиш эканини таъкидлади.

“У ўз мақсадига интилувчан шахс. Агар у шундай бўлмаганда, менимча, ҳозирги вазиятда бўлмасди. У ҳеч қачон ўзининг сиёсий нутқлари билан оммага яхши танилмаган. У камгап, ўзини жанговар руҳдаги киши қилиб кўрсатишга уриниб келган одам. ... Энди у бирдан мустақил сиёсатчи бўлишни истаб қолди. У сиёсат соҳасида тажрибага эга эмас. Ўта интилувчанлик уни шундай қарор қабул қилишга мажбур қилган кўринади”, – деди грузиялик таҳлилчи.

И.Окруашвилининг президент шаънига айтган гаплари грузияликлар орасида баҳсларга сабаб бўлмоқда. Грузиянинг ўнлаб фуқароси И.Окруашвили шу ҳафтада тузган мухолифатдаги янги “Бирлашган Грузия учун” партиясига аллақачон қўшилди.

Кузатувчилар фикрича, Грузияда миллатчилик кайфияти кучли бўлгани боис, И.Окруашвилининг ватан, миллат, дин ва миллий анъаналар учун қайғурадиган инсон сифатидаги имижи одамларни ўзига жалб этиши мумкин.

Таҳлилчилар И.Окруашвилининг сиёсатга қайтиши Михаил Саакашвили маъмурияти ўз сафида дуч келган энг катта муаммо эканини айтмоқда.

1973 йилда Цхинвалида туғилган И.Окруашвили институтнинг халқаро қонунчилик бўлимини тугатиб, юрист бўлиб ишлаган. 2003 йилги “атиргул инқилоби”га қадар уни Грузия сиёсий ҳаётида ҳеч ким танимаган.
XS
SM
MD
LG