Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:39

Саакашвилининг танқидчиси коррупцияда айбланмоқда


28 сентябрь куни Грузия пойтахти Тбилисида минглаб фуқаро собиқ мудофаа вазири Ираклий Окруашвили ҳибсга олинганига норозилик билдириш учун намойишга чиқди.

Парламентнинг таниқли аъзоларидан бири, Грузия президенти Михаил Саакашвилининг иттифоқчиси бўлган Гига Бокериа агар намойишчилар зўравонликка қўл урса, уларга қарши куч ишлатилиши ҳақида огоҳлантирди.

Грузия бош прокурори ўринбосари Ника Гварамия собиқ мудофаа вазири товламачилик, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш, коррупция ва бошқа жиноятларда айбланаётганини маълум қилган эди.

Унинг айтишича, айни пайтда устидан жиноят иши очилган президентнинг собиқ матбуот котиби Дмитрий Китошвили И.Окруашвили содир этган жиноятларни исботловчи янги далиллар берган.

“И.Окруашвили уюшган жиноий гуруҳ орқали товламачилик содир этгани эмас, балки товламачилик орқали давлат расмийларидан катта миқдорда пора ундиргани маълум бўлди. Д.Китошвили тақдим этган далиллар барчамизнинг бу масала бўйича позициямизни яқинлаштиради”, – деди Грузия бош прокурори ўринбосари.

Ника Гварамиянинг билдиришича, бу ҳақда кўрсатма берганидан кейин ўзи ҳам коррупцияда айбланаётган Д.Китошвили гаров пули эвазига қамоқдан озод этилган.

Грузия мухолифати аъзолари И.Окруашвилининг қўлга олиниши ҳукумат танқидчиларининг оғзини юмиш йўлидаги уринишлигини, бу ўта хатарли эканини таъкидламоқда.

25 сентябрь куни И.Окруашвили президент М.Саакашвилини Грузиядаги йирик тадбиркорлардан бири Бадри Патаркацишвилини ҳамда сиёсий рақибларидан бирини ўлдириш ҳақида буйруқ берганликда айблаган, аммо буни тасдиқловчи далиллар келтира олмаган эди. Шунингдек, собиқ мудофаа вазири президентни грузин черковига қарши эканлик, мамлакат ҳудудини бирлаштира олмаганликда ҳам айблаган.

И.Окруашвили 2006 йилда Москвани Грузиянинг айирмачи Жанубий Осетия ва Абхазия ўлкаларини қўллаб-қувватлаётганликда айблаганидан сўнг М.Саакашвили уни мудофаа вазири лавозимидан бўшатган эди.

И.Окруашвили шу ҳафтада “Бирлашган Грузия учун” номли янги сиёсий мухолифат партияси тузганди.
XS
SM
MD
LG