Линклар

logo-print

Журналистнинг яна бир қотили қамалди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Олий Суди “Би-Би-Си” радиоси форс хизматининг Душанбедаги бўлими бошлиғи Муҳиддин Олимпурни ўлдиришда қатнашишда айбланган яна бир шахс устидан ҳукм ўқиди.

Суд ҳукмида айтилишича, айбланувчи Аслам Усмонов қуролли гуруҳга аъзо бўлгани, террор ҳаракатлари, жумладан давлат ва жамият арбобини ўлдиришда қатнашганини тан олган.

Мана шу жиноятлари учун А.Усмонов мол-мулки мусодара қилиниб, 15 йилга озодликдан маҳрум этиладиган бўлди.

Таниқли журналист М.Олимпур 1995 йил 12 декабрдан 13 декабрга ўтар кечаси номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилган эди. 2003 йилда бу жиноятда гумонланиб қўлга олинган қуролли гуруҳ аъзоларидан бири Аҳтам Тоҳиров узоқ муддатга қамалган эди. Ўшанда А.Тоҳиров Ваҳдат туманилик А.Усмонов ҳам бу жиноятга шериклигини маълум қилган.

Бир неча йил қидирувда бўлган А.Усмонов Беларус ва Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлиги натижаси ўлароқ, 2006 йил декабрда Минск шаҳрида қўлга олинганди.

Судланувчининг адвокати Жамшид Ғуломов А.Усмоновга адолатсиз ҳукм чиқарилгани, чунки у асосий қотил бўлмагани, айни пайтда эса қилган ишларидан пушаймонлигини билдирди.

Адвокатнинг таъкидлашича, фуқаролик уруши йилларида қуролли гуруҳ ташкил этиб, Эшони Нозим лақаби билан танилган Нозим Юнусовнинг журналистни ўлдириш тўғрисидаги буйруғини ҳозир озодликда юрган Муртазо Шарипов бажарган.

Гарчи Бош прокуратура вакиллари ҳукм адолатли бўлганини таъкидлаётган бўлса-да, марҳум Муҳаммад Олимпурнинг ўғли Сипеҳри ҳам, Аслам Усмоновнинг яқинлари ҳам асосий қотил жазога тортилмагунча, суд қарорини адолатли, деб бўлмаслигини айтаётир.

Тожикистондаги фуқаролар уруши йилларида М.Олимпурдан ташқари 70дан ортиқ журналист қурбон бўлганди. Норасмий манбалар шу кунга қадар улардан бирортасининг ҳақиқий қотили топилиб, жазога тортилмаганини билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG