Линклар

logo-print

Олмаотада нон қимматлади


Ўтган ҳафта бошида озиқ-овқат дўконларида нон ва нон маҳсулотлари бўлмагани ёки бўлгани ҳам нархи ўта қимматлиги аксар олмаоталикларни анча ташвишга солиб қўйди. Илгари 45-50 тангадан сотилган нон 90-100 тангага чиқди.

Олмаотада 1,5 миллион киши яшайди. Шаҳар аҳолиси учун кунига камида 500 тонна нон ва нон маҳсулотлари зарур.

Шаҳарнинг асосий таъминотчиси бўлмиш “Оқсой” нон комбинати директори Насима Калиеванинг айтишича, ҳозир ишлаб турган 3 та йирик нон комбинати эҳтиёжни тўла қоплай олмаяпти. Масалан, “Оқсой” кунига 130 тонна нон маҳсулоти ишлаб чиқарса, “Олмаота-нон” комбинати 20 тоннадан камроқ, “Меркур-нон” эса 25 тонна маҳсулот тайёрламоқда.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Қозоғистонда бир килограмм уннинг баҳоси 50 тангага кўтарилгани, электр энергияси нархи кескин ошгани сабабли аввал 36 танга турган булка нон 29 сентябрдан 55 тангага сотилади.

Олмаота шаҳри ҳокимлиги ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик департаменти директори ўринбосари Қайрат Амиржонов аҳоли ўртасида ваҳиманинг олдини олиш мақсадида ҳафта бошида юзага келган нон тақчиллиги бартараф этилгани, омборларда ун ва буғдой етарли эканини маълум қилди.

Нон қимматлиги масаласига Қозоғистондаги сиёсий партиялар ҳам эътибор қаратди. Улар ҳукуматга нон баҳоси барқарорлигини таъминлаш борасида сўров йўллади.

Аммо Қозоғистон Коммунистик партияси раҳбари Серикбўлсин Абдилдин нон нархини мажбурий чоралар билан ушлаб туриб бўлмаслигини таъкидлади.

“Ҳозир нархнинг ошиб бораётганини ҳукумат назорат қила олмайди. Чунки бозор иқтисодиёти бу. Қайсидир босқичда назорат қилиш мумкиндир, лекин доимий эмас. Шу боис, ҳукумат ойлик маошлар ҳамда нафақани ошириш орқали нон маҳсулотлари қимматлашуви муаммосини ечиши мумкин”, - деди Серикбўлсин Абдилдин.
XS
SM
MD
LG