Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:33

Президентлик ҳаваси Аҳтам Турсуновга ҳам юқтирилди


Ўзбекистон президентлигига қолиши айтилаётган Ислом Каримов президент сайловига ҳали ўз номзодини расман қўймаган бир пайтда унинг назоратидаги партиялар ўз номзодларини кўз-кўз қила бошлади.

Аввал “Адолат” социал демократик партияси ва энди эса “Фидокорлар” халқ демократик партияси президент сайловидаги эҳтимолий номзодларини тақдим этди.

“Фидокорлар”дан президент сайловида иштирок этишга кўрсатилаётган номзод партиянинг кўпчилик учун маълум бўлмаган етакчиси, юридик фанлари доктори, 5 фарзанднинг отаси 55 ёшли Аҳтам Турсуновдир.

“Адолат” партиясидан президент сайловида Ўзбекистон тарихида илк бор аёл киши номзод сифатида кўрсатилиши мумкин. “Адолат” партияси биринчи котиби Дилором Тошмуҳаммедова тиббиёт фанлари номзоди ва яна тадбиркор аёл. Лекин унинг исмини ҳам кўпчилик биринчи марта эшитаётган бўлса, ажаб эмас.

Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларини ҳукуматдаги манбаларига таяниб ёритиб борадиган журналист Сергей Ежков жорий президент сайловида мамлакатдаги партиялар сонига мувофиқ тарзда жами беш киши номзод этиб кўрсатилишини башорат қилади.

“Бугунги кунда 5 сиёсий партия мавжуд ва барчаси сайловда номига бўлса ҳам ўз номзодини қўйишни хоҳлайди. Улар учун муҳими ғалаба эмас, балки сайловда қатнашишдир. Зеро, партиялардан бири Ислом Каримов номзодини кўрсатади. Кимнинг ғолиб чиқишини эса ўзингиз билиб олаверинг”, – дейди С.Ежков.

Президент сайловида бир неча номзод иштирок этиши эҳтимолларига “Фидокорлар” партияси марказий кенгаши аъзоси Зоҳидулла Мунавваров ҳам Ўзбекистон телевидениесига берган интевьюсида ишора қилди ва буни мамлакатдаги сайлов тизимининг такомиллашуви билан изоҳлади.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, сайловда қатнашиб, Ўзбекистонда гўё сиёсий рангбаранглик борлигини бутун дунёга кўрсатиш мамлакатдаги сиёсий партияларга юклатилган вазифадир.

“Сиёсий партиялар 10 кунча аввал Оқсаройга чақиртирилди ва номзодларини кўрсатиш борасида кўрсатма олганини биламан”, – деди Т.Йўлдошев.

Ҳозирча “Миллий тикланиш” ҳамда Халқ демократик партиялари кўрсатмани бажаришга киришмади. Ўзбекистон либерал демократлари эса эҳтимол президент И.Каримов номзодини илгари суришга тайёрланмоқда.

Айни пайтда президент маъмурияти унинг номзодини яна сайловга қўйиш мақсадида қонунчиликда илгаклар қидираётир. Лекин И.Каримов учун бу гал кўпроқ номзодлар орасида қайта сайланиб қолиш принциал масала бўлиши ҳам мумкин. Унинг учун бошқа бир принциал масала сайловга мухолифат вакилларини ва унинг режими танқидчиларини қўймасликдир. Сайловда қатнашишга ижозат бериладиган номзодларнинг барчаси эса ўз овозларини, аввало, ўзига эмас, президент Каримовга беришга тайёр.
XS
SM
MD
LG