Линклар

logo-print

Украинада янги парламент сайланмоқда

  • Барно Анвар

Украинада парламент сайлови бўлиб ўтди. Бу сўнгги уч йил ичида мамлакатда ўтказилган тўртинчи сайловдир. Кузатувчилар сайлов натижасида бирор сиёсий партия парламентда мутлақ кўпчилик ўринга эга бўла олмаслигини айтмоқда.

Мамлакат 2006 йил март ойидан буён Ғарбга мойил президент Виктор Юшченко ва Москвага мойил бош вазир Виктор Янукович ўртасида давом этаётган сиёсий зиддиятлар боис боши берк кўчада қолмоқда.

Дастлабки тахминларга кўра, сайловда В.Юшченко етакчилигидаги партия муваффақият қозона олмаслиги мумкин. Сайловчиларнинг энг кўп овозини В.Янукович партияси олиб кетиши эҳтимоли кучлироқ.

Аммо ўз сайлов варақаларини тўлдириб чиққан сиёсий лидерлар бу сайлов ва ниҳоят сиёсий беқарорликка барҳам беришини таъкидламоқда. Жумладан, Киев шаҳрида овоз берган В.Юшченко ушбу сайлов Украинада ўзаро тушуниш ва сиёсий кучлар ўртасидаги муроса, барқарорлик ва иқтисодий тараққиётга олиб келишига ишонишини билдирди.

“Ҳозир бутун дунё нигоҳи бизга қадалган. Мен бизнинг сайловдаги ҳамкорларимиз ва сайловни кузатаётган кузатувчиларга ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Ишончим комил, бу сайлов халқаро стандартларга мос тарзда ўтади ва мамлакатдаги сиёсий кучлар унинг натижасини тан олади”, - деди президент.

Бош вазир Виктор Янукович эса унинг партияси сайловда ғалаба қозонишига ишончи комил эканини билдирар экан: “Фикримча, бу бутун Украина халқи учун катта синовдир. Ўйлайманки, бундан кейин мамлакатда муддатидан аввал сайловлар бўлмайди”, - деди.

Сайловда сиёсий блоки иккинчи ўринни эгаллаши тахмин қилинаётган Юлия Тимошенко эса мамлакатда сиёсий барқарорликка эришишнинг фақат биргина йўли борлигига урғу берди.

“Менимча, бу ерда фақат бир йўл бор: демократик кучлар бир жамоага бирлашади. Демократик кучлар охир-оқибат ўзаро биргаликдаги ҳаракати натижасини кўрсатади. Украина охир-оқибат ўзининг Европа томон интилишида давом этади. Мамлакатимиз учун бундан бошқа йўл йўқ”, - деди Юлия Тимошенко.

Ҳозирча кузатувчилар Украинадаги сиёсий лидерлардан бири бўлиб турган Юлия Тимошенконинг бу сўзларини сайловдан сўнг бошланажак яна янги зиддиятга ишора сифатида қабул қилмоқда. Аксар таҳлилчилар сайловда В.Янукович блоки ғолиб чиқса, у ҳолда иккинчи ва учинчи ўринда қолган Юлия Тимошенко блоки ва президент раҳнамолигидаги “Бизнинг Украина” партияси бирлашиши мумкинлигини таъкидлаётир.

Юзлаб хорижлик кузатувчилар, шу жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 700 вакили сайловга гувоҳ бўлди. Ҳозирча канадалик бир гуруҳ кузатувчи жума куни сайлов варақаси ва сайловчилар рўйхатидаги айрим камчиликларни текширишга уринганда қаршилик билдирилгани ва таҳдид қилингани ҳақида маълум қилди.

Сайлов натижалари душанба – 1 октябрь куни расман эълон қилиниши кутилмоқда.

Шу ўринда эслатиш мумкин, Украинадаги сиёсий бўҳрон В.Янукович ва В.Юшченко ўртасидаги 2004 йилдаги сиёсий зиддиятлардан илдиз отган эди. Ўз вақтида бу зиддият минглаб одамларни Киев бош майдонига олиб чиққан “зарғалдоқ инқилоб”га сабаб бўлган ва ўша вақтдаги президент сайловида В.Юшченко ғолиб топилган эди. Аммо кейинги кузатувлар ва жамоат сўровларидан маълум бўлишича, сўнгги давр ичида президент В.Юшченконинг эл ичидаги нуфузи анча пастлаган.
XS
SM
MD
LG