Линклар

Роғун ГЭС тақдири яна Владимир Путиннинг ташрифига қараб турибди

  • Гулнора Равшан

7 октябрь куни Душанбеда бўлиб ўтадиган Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатлар саммитида Тожикистон Россия билан Роғун ГЭС тақдирини ҳал этиши кутилмоқда.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Давлат Назриев Роғун ГЭС тақдири Тожикистон учун жуда муҳим масалалардан ҳисобланишини таъкидлади.

“Шунинг учун Россия президенти Владимир Путиннинг Душанбега сафари чоғида бу масала икки давлат раҳбарларининг юзма-юз учрашувида муҳокама этилиши режалаштирилган. Бу масаланинг ижобий ҳал этилиши Россия-Тожикистон муносабатлари мустаҳкамланишида ўта муҳимдир”, - деди Давлат Назриев.

Иқтисодчи Ҳожимуҳаммад Умаров “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Роғун ГЭС лойиҳаси россиялик мутахассислар томонидан тайёрлангани, шу сабабли ГЭС атрофидаги муаммоларни улар иштирокисиз ҳал этиб бўлмаслигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Роғун ГЭС акциядорлик жамиятига айлантирилмоқда. Шунинг учун ундан кўпроқ фойда олиш ва назорат қилишда Тожикистоннинг ГЭСдаги улуши 51 фоиз бўлиши зарур.

“Бу кўп қиррали қурилиш бўлади. Мен бу ерда Ўзбекистоннинг Роғун ГЭС тақдири ҳал бўлишидаги ролини ҳам назарда тутяпман. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Роғун ГЭС Ўзбекистон иқтисодиёти учун зарарсиз экани исботлаб берувчи етарли далилларга эга бўлиши ва саммит чоғида бунга Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовни ишонтира олиши лозим”, - деди Ҳ.Умаров.

Иқтисодчи Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида сўнгги йилларда кузатилаётган сув тақчиллиги муаммосига тўхталиб, бунга Тожикистонда қурилган ва қурилиши режалаштирилаётган ГЭСлар каскади эмас, балки Ўзбекистон ҳукумати сув захираларидан тўғри ва унумли фойдаланишга оид зарур чоралар кўрмаётгани сабаб бўлаётганини таъкидлади.

Тожикистон расмийлари Душанбедаги саммитда Роғун ГЭС тақдири ҳал бўлишини кутиб турган бир пайтда айрим кузатувчилар бунга ишонмаётир.

“Чунки бу масала бўйича Тожикистон ва Россия ўртасида қарама-қарши қарашлар анчагина, - дейди мустақил кузатувчи Тоҳир Абдужаббор. – Агар бу давлатлар раҳбарлари Роғун ГЭС масаласида бирор ҳужжат имзоласа ҳам унинг тақдири узил-кесил ҳал бўлмайди”.

2004 йилда В.Путиннинг Душанбега расмий ташрифи чоғида Роғун ГЭСни қуришга “РусАл” компаниясини жалб қилиш ҳақида келишувга эришилган эди. Аммо Тожикистон томонини “РусАл”нинг ГЭС тўғонини босқичма-босқич қуриш ва баландлигини 280 метрдан оширмаслик режаси қониқтирмади. Шундан сўнг Тожикистон ҳукумати бу компания билан тузилган шартномани август ойида бир томонлама бекор қилди.

Айрим норасмий манбаларнинг маълум қилишича, Роғун ГЭС қурилиши энди Россиянинг “Ягона энергия тизимлари” акциядорлик жамиятига топширилиши мумкин. Бу тахмин Сангтўда-1 ГЭС қурилишида қатнашаётган россиялик мутахассислар Роғун ГЭС қурилиш майдонида бўлиб, бу ердаги шароит билан танишгани тўғрисида яқинда тарқатилган хабарларга асослангани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG