Линклар

Ўзбекистон ЕИ билан Андижон масаласини муҳокама этишдан бош тортмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг 15 октябрь куни Люксембургда бўладиган учрашувида Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкциялар тақдири масаласи муҳокама этилади.

Ўзбекистон билан қурол-яроғ савдосини тўхтатиш ҳамда Андижон фожеасига бевосита алоқадор ўзбек мулозимларига нисбатан виза тақиқини назарда тутувчи санкция жорий этилганидан икки йил ўтиб бу масалада Европа Иттифоқининг боши гаранг.

Аввалига санкциялар иш бергандек бўлди. Инсон ҳуқуқлари ҳамда Андижон ҳодисалари юзасидан мулоқотни қайта тиклаш борасида Ўзбекистон томонидан интилиш кузатилди. Аммо бу учрашувлардаги Ўзбекистон томонининг муросасиз ёндашуви ЕИ расмийлари ҳафсаласини пир қилган кўринади.

ЕИнинг ташқи алоқалар ва хавфсизлик масалалари бўйича масъули Ҳавьер Солананинг инсон ҳуқуқлари бўйича ёрдамчиси Риина Кионка душанба куни Брюсселда Европарламентдаги тингловда ўзбек расмийлари билан учрашувлар шу пайтга қадар натижа бермаганини таъкидлади.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ЕИни безовта қилаётган асосий масалаларни четга суриб, бу борада мулоқотдан ўзини четга олмоқда. Сентябрь ойида ўтказилган сўнгги учрашувда ҳам айнан шу манзара кузатилган.

“Сўнгги учрашувда инсон ҳуқуқлари бўйича аввалги сўзлашувларнинг давоми ўлароқ, октябрь ойида мулоқот ўтказиш борасида келишувга эришмадик. Ўзбекистон томони Андижон ёки санкциялар билан боғлиқ бошқа масалаларни бундан ортиқ муҳокама этишга уларда истак йўқлигини намоён этди”, - деди Риина Кионка.

Бу эса ЕИ вазирларига Ўзбекистонга жорий этилган санкцияларни енгиллаштириш ёки бекор қилиш учун имкон қолдирмаяпти. Шу ой ўртасида ЕИнинг 27 давлати ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистонга жорий этилган санкциялар тақдирини ҳал этиши керак.

Шу йилнинг май ойида ЕИ 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга жорий этган санкциялари муддатини олти ойга узайтирган, аммо тузилмага кириши маън этилган 12 ўзбек расмийси рўйхатидан 4 та номни олиб ташлаган эди.

Европарламентда қилган чиқишида Риина Кионка ЕИга аъзо давлатларнинг кўпчилиги санкциялар йўналишини ўзгартириш, Андижон воқеалари бўйича халқаро тергов ўтказиш талаби дохил бошқа критерийларни қўшиш истагида эканини баён қилди. Аммо талаблар қандай экани ҳақида Кионка хоним оғиз очмади.

ЕИнинг ўз исмини ошкор этишни истамаган расмийларидан бирининг “Озодлик” мухбирига билдиришича, Ўзбекистоннинг Андижон масаласини муҳокама этишдан бош тортаётгани расмий Брюсселни инсон ҳуқуқлари меъёрлари ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масаласини олдинги планга олиб чиқишга ундаган.

Бу расмий айрим ўзбек амалдорларига виза чеклови ва уларнинг банк ҳисоблари музлатилиши билан боғлиқ ЕИ санкциялари муддати узайтирилишини ҳам назардан қочирмади.

Айни пайтда Европа Иттифоқи ичида ҳам Ўзбекистонга жорий этилган санкциялар борада қарашлар бўлинган. Буюк Британия, Швеция, Нидерландия ва Ирландия инсон ҳуқуқлари борасида жиддий ўсиш кузатилмаётган бир пайтда Ўзбекистонга нисбатан санкцияларнинг енгиллаштирилишига қарши чиқмоқда. ЕИга раислик қилаётган Португалия ва ушбу тузилмага ундан олдин раҳбарлик қилган Германия эса иттифоқнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси самара беради, деган ишончда ва Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик лозимлигига урғу бераётир.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини ўта абгор, дея таърифлаган Кионка хоним эса инсон ҳуқуқлари меъёрлари ЕИ стратегиясининг муҳим жиҳати эканини ҳам эслатиб ўтди.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морелнинг таъкидлашича, Люксембургда бўладиган учрашувда ЕИ ташқи ишлар вазирлари қандай қарорга келиши ҳақида олдиндан айтиш қийин.

“Албатта, бу борада навбатдаги қадам қўйилади. Аммо бу қандай қадам бўлиши ҳақида айтишга ҳозир эрта. Жараён давом этмоқда”, - деди Пьер Морель.

Европарламентдаги тингловда эксперт сифатида қатнашган Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вице-президенти Алан Делетроз Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмонлашиш билан бирга ижтимоий танназзулга юз тутаётганини ҳам таъкидлади ва Брюссель расмийларини санкцияларни енгиллатмасликка чақирди.

Унинг сўзларига кўра, айниқса, Ўзбекистонда Ислом Каримовнинг ҳокимият тепасида қолиш муддатининг узайтирилишига қаратилган сайлов арафасида санкциялар енгиллаштирилмаслиги лозим.

“Агар Европа кенгаши Каримов маъмуриятига нисбатан жорий этилган санкцияларни енгиллаштиргудек бўлса, Каримовнинг тарғибот машинаси бундан усталик билан фойдаланиб, қаранг, биз тўғри эканимизни Европа демократияси ҳам тан олди, санкияларни олиб ташлади, деб чиқиши тайин”, - деди Алан Делетроз.

Шунингдек, Алан Делетроз ЕИ Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан яккалаб, унга нисбатан Мьянма каби давлатларга бўлгани сингари мавқени тутиши кераклигини таъкидлади.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳининг ЕИ билан алоқалар бўйича масъули Эндрю Штрохлен Ўзбекистон тузилманинг бирор талабини бажармаганига қарамай, у санкцияларни аста-секин юмшатаётганига эътибор қаратди.

“Ниманинг рағбати бўлди бу. Менимча, Ўзбекистонда ўсиш кузатилмаётган экан, ЕИ шунга лойиқ тарзда санкцияларни кучайтириши керак”, - деди Эндрю Штрохлен.
XS
SM
MD
LG