Линклар

logo-print

Ўзбекистон ҳали ҳам “алоҳида ташвиш уйғотмоқда”

  • Абдулла Искандар

АҚШ Давлат департаментининг дунёда диний эркинликлар вазияти бўйича тайёрлаган янги ҳисоботида Ўзбекистон яна алоҳида ташвиш уйғотувчи давлат сифатида тилга олинади.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон фуқароларига мамлакат конституцияси ва бошқа қонунлар билан ахборот олиш эркинлиги кафолатланганига қарамай, диний мазмундаги материаллар тарқатиш расмийлар томонидан қаттиқ назорат қилинади.

АҚШдаги диний эркинликлар бўйича Ҳадсон институти чиқарган ҳисоботда Ўзбекистон эътиқодга тажовуз қилаëтган репрессив давлат сифатида тилга олинади.

“Ўзбекистонда эътиқод эркинлигининг чекланиши жамиятда радикал қўзғалишлар учун шароит яратади. Динни репрессия қилиш экстремизмни кучайтиради ва унга ëрдам беради. Диний эркинликлар таъминланган жамиятгина экстремизм хавфидан холи бўлади”, - дейди Ҳадсон институти вакили Пол Маршалл “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Диний эркинликларни ҳимоя қилувчи “Форум 18” гуруҳи муҳаррири Феликс Корлининг айтишича, рамазон ойида Ўзбекистон ҳукумати мусулмон жамоаси устидан назоратни янада кучайтириб юборган. Ҳукумат мусулмонлардан айнан шу мавсумда кўпроқ ҳадиксирайди.

Айни пайтда масжидларга ëш-яланг йиғилиши расмий Тошкент назарида исталмаган ҳолатга айланган. Фарғона водийсидаги оддий диндорлар масжидларга келган болалар чиқариб юборилаётганини айтмоқда.

Расмий Тошкентга фикрдош бўлган ўзбекистонлик дин арбоблари мамлакатда дин эркинликларига тўла амал қилаëтгани айтади. Уларнинг фикрлари Ўзбекистон телевидениесида элга достон қилинмоқда.

Диний таъқиблар сабабли Ўзбекистонни тарк этган дин пешвоси Обид қори Назаров АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида Ўзбекистон тўғри танқид қилинганини таъкидлади.

“Ўзбекистондаги диндорларга тазйиқ ҳақиқатан ҳам ташвишли бир нуқтага етмоқда. АҚШ Давлат департаментининг бу ҳолатга эътибор қаратгани маъқул иш. Ўзбекистонда диний турмуш устидан давлат назорати кучайтирилгани очиқ сиёсий сабабга эга”, - дейди Обид қори.

Уламонинг таъкидлашича, халқаро ҳамжамият Ўзбекистондаги эътиқод эркинлиги масаласига янада кўпроқ эътибор қаратиши лозим.
XS
SM
MD
LG