Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:43

Амнистияга тушганлар рўйхатида Борис Шихмуродов йўқ


Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов АҚШ сафаридан қайтиб келибоқ, мамлакат қамоқхоналаридан тўққиз минг маҳбусни озод қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди.

Қадр кечаси шарофати билан қамоқдан озод қилинадиган 9 минг киши орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

Озод этиладиган маҳбуслар рўйхати туркман газеталарида эълон қилинди. Аммо бу рўйхатда Туркманистондаги энг таниқли сиёсий маҳбус, мухолифат лидери Борис Шихмуродов номи йўқ. Шунга қарамай, унинг қариндошлари авф этилганлар рўйхатига киритилган.

Борис Шихмуродов 2003 йилда Туркманистонда давлат тўнтариши ва эндиликда марҳум президент Сапармурод Ниёзовга суиқасд қилишда айбланиб қамоққа олинган эди. Унинг ҳозир АҚШда яшаётган ўғли Байрам Шихмуродов отаси яқин кунларда қамоқдан озод этилишига ишонади. У бундан бир қанча вақт муқаддам Муҳаммад с.а.в.нинг мавлуд куни муносабати Туркманистонда 11 сиёсий маҳбус озод этилгани катта воқеа бўлганини эслатар экан, отаси ҳам эртами-кечми қамоқдан чиқишига умид қилаётганини билдирди.

Туркманистон президенти Қ.Бердимуҳаммедов Нью-Йоркда экани пайтида қамоқдаги мухолифатчилар, хусусан, Ботир Бердиев ва Борис Шихмуродов ҳақидаги саволларга ҳам жавоб берган эди.

“Қамоқдаги мухолифатчилар масаласига келсак, мен ҳали ёш президентман. Мени ўтмишдаги воқеалардан кўра кўпроқ халқимизнинг фаровонлиги қизиқтиради. Аммо сиз ташвишини чекаëтган қамоқдаги мухолифатчилар тирик эканига аминман”, - деган эди Қ.Бердимуҳаммедов.

Ўзбекистоннинг Хоразм, Бухоро ва Қашқадарë каби вилоятларидан кўплаб фуқаролар у ë бу сабаб билан Туркманистонга жазога тортилган. Амнистияда уларнинг ҳам озод бўлиши кутилмоқда. “Озодлик”нинг Ашхободдаги мухбири амнистияга тушганлар рўйхатида ўзбеклар ҳам кўплигини маълум қилди.

Туркманистонда 1999 йилда илк бор маҳбуслар оммавий тарзда авф қилинган эди. Шундан бери ҳар йили амнистия тадбири ўтказилади.

Туркманистонда ҳар уч кишининг бири жиноий жавобгарликка тортилгани айтилади.

“Бунча маҳбусни боқишга қудрати етмагани учун ҳам ҳукумат амнистия қўлламоқда”, - дейди “Озодлик” радиоси туркман хизмати журналисти Гўзал Худойберганова.

Марҳум президент Сапармурод Ниëзов йилда бир марта авф эълон қилган бўлса, амалдаги давлат раҳбари Қ.Бердимуҳаммедов бир йилда бир неча маротаба диний байрамларда амнистия қўлламоқда. Навбатдаги амнистия ҳайитда бўлиши кутиляпти.
XS
SM
MD
LG