Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:23

Оналар собиқ қуролли мухолифат жангчилари ҳимоясига отланди


Собиқ бирлашган тожик мухолифати аскарларининг оналари қамоқдаги фарзандлари ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида ноҳукумат ташкилот тузди ва уни Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтказди.

“Орзуи модарон”, яъни “Оналар орзуси” номли бу ташкилот мухолифатнинг собиқ жангчилари ҳуқуқларини ҳимоялаш ва уларнинг яқинларига ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий кўмак кўрсатиш ниятида тузилган. У Тожикистонда бу йўналишда фаолият кўрсатадиган илк нодавлат ташкилотдир.

“Оналар орзуси” ноҳукумат ташкилоти ташаббускори ва раиси Ҳуснаро Аҳмадова ташкилотда мингга яқин аъзо борлигини билдирди.

“Билмай туриб хато қилган фарзандларимизнинг озодликка чиқиб, ватанимиз ободонлиги учун ҳисса қўшиши ягона орзумиздир. Биз нафақат мухолифатнинг собиқ жангчилари оналарига, балки барча тожикистонликларга ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатишни ният қилганмиз”, - деди Ҳуснаро Аҳмадова.

Жорий йил июнида собиқ бирлашган тожик мухолифати жангчиларининг яқинлари миллий ярашув тўғрисидаги битим имзоланганига ўн йил тўлиши муносабати билан уларни авф этиб, қамоқдан озод қилишни сўраб мамлакат президенти Имомали Раҳмонга мактуб йўллаган эди. Бироқ “Амнистия тўғрисида”ги қонунда қамоқдаги жангчилар яқинларининг илтимоси инобатга олинмади.

Мустақил кузатувчилар “Оналар орзуси” ташкилоти атрофида бирлашган оналар талаблари энди расмий идоралар томонидан эътиборга олиниши имконияти кенгайганини таъкидламоқда.

“Бу оналарнинг ҳаммаси ўз фарзандларини тезроқ озодликда кўриш орзусида. Уларнинг сони ҳам анчагина ва албатта, ҳукумат уларнинг орзуларига эътибор қаратади”, - дейди мустақил кузатувчи Қаландар Садриддинов.

Аммо Қ.Садриддинов Тожикистон ҳукумати муқаддас рамазон ойида бошқа мусулмон давлатлардан ўрнак олган ҳолда муҳбусларга нисбатан бирор хайрли қарор чиқармаганидан афсус билдирди.

Унинг сўзларига кўра, ички низолар вақтида хатога йўл қўйган, аммо бу хатоси учун шу пайтгача эълон қилинган бирорта амнистияга тушмаган мухолифатнинг собиқ жангчилари ҳукумат томонидан рамазон ойида фитри рўза тариқасида қамоқдан озод этилганида бу оналарга нисбатан бир енгиллик бўлур эди.
XS
SM
MD
LG