Линклар

Анна Политковскаясиз ўтган бир йил

  • Озодлик

2006 йил 7 октябрь куни россиялик таниқли журналист Анна Политковская Москвадаги ўзи яшайдиган кўп қаватли бино йўлагида отиб кетилган эди. Шу кунларда мазкур қотиллик амалга оширилганига бир йил тўлади.

Анна Политковская Чеченистон уруши даҳшатлари ҳақида ҳужжатлар тўплаган йилларда уни ўлдириб кетишга сон-саноқсиз таҳдидлар бўлган. У Чеченистоннинг уруш вайрон қилган шаҳар ва қишлоқларига эллик мартага яқин хизмат сафари билан борган. Шундай сафарлардан бирида у ушлаб олиниб, ертўлага уч кун қамаб қўйилган. Улар Аннани зўрлашга ва таҳқирлаб ўлдиришга таҳдид қилган. Ваҳшиёна ўлдиришга таҳдид бўлганда Анна Политковская қисқа муддат Австрияга қочиб борган.

2004 йилда Бесландаги мактабда юзлаб ўқувчи ва ота-она гаровга олинган пайтда жангарилар билан музокараларга воситачилик учун кетаётган Анна Политковская заҳарланди, аммо у тирик қолди.

2006 йил 7 октябрида 48 ёшли журналист аёлга шавқат қилинмади. У ўзи яшайдиган бино лифтида уч марта кўкрагидан, бир марта бошидан отиб ўлдирилди.

Павел Фельгенгауер Анна Политковская ишлаган “Новая газета”нинг ҳарбий масалалар бўйича таҳлилчиси.

“Бу мен учун катта йўқотиш бўлди. Унинг йўқлиги қалбимда катта бўшлиқ пайдо қилди. У чўрткесар, кескин ва тўхтатиб бўлмас аёл эди. Умуман у бошқача одам эди. Албатта, у ажойиб журналист эди. Уни унутиш қийин. У аёл ва журналист сифатида жуда юмшоқ инсон эди”, – дейди Павел Фельгенгауер дўсти Аннани хотирлаб.

Анна Политковскаянинг ўлдирилиши сабаблари ҳақида аниқ далиллар бўлмаса-да, дўстлари у президент Владимир Путин режими ва Чеченистон уруши кампаниясини кескин танқид қилиб келгани учун ўлдириб кетилганига шубҳа қилмайди.

10 йилдан кам вақт давомида “Новая газета”да Анна Политковскаянинг 600га яқин мақоласи чоп этилди, Чеченистонда фуқаролар ўғирланиши, қийноқларга солиниши, зўрланиши ва ўлдирилишига оид китоблари босмадан чиқди. Уларнинг бир нечтаси мукофотга сазовор бўлди. 40 та мақоласи бўйича жавобгар шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Анна Политковская ўзи дуч келаётган таҳдидни яхши биларди. Журналистларни ҳимоя қилиш ташкилоти Россияни журналистлар учун энг хатарли давлатлар рўйхатида учинчи ўринга қўйган. Анна Политковская ўлдириб кетилганига қарамай, “Новая газета” унинг ишини давом эттириш ниятида.

“Биз қўрққанимиз йўқ. Афсуски, беш мухбиримиз ўлдирилди. Албатта, бу бизга қарши берилган оғир зарба бўлди. Кўп йиллик тажрибага эга ҳамкасбларимиз ҳатто газетани ёпиш ҳақида ҳам гапирди. Аммо ёшлар бунга йўл қўймади. Анна қилган ишнинг ўрнини турли одамлар билан ёпишга ҳаракат қиляпмиз”, – дейди газета бош муҳаррири ўринбосари Сергей Соколов.

Анна Политковскаяни 15 йилдан бери танийдиган Москвадаги Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов ва бошқа журналистлар унинг ўлими яқин фурсатда одамлар ёдидан чиқиши мумкинлигидан хавотирда.

“Мен яхши, ҳалол, жасур журналистнинг ўлдирилиши Россиядаги вазиятни ўзгартиради, деб айта олмайман. Аннанинг ўлими унутилиши мумкинлиги таҳдиди борлигини мен бир неча ойдан бери кўряпман”, – деди Олег Панфилов.

Олег Панфилов Анна Политковская ўлдириб кетилганининг бир йиллиги бутун жаҳон бўйлаб ёд этилишини, аммо бу санага Россияда эътибор берилмаслиги мумкинлигини айтади.
XS
SM
MD
LG