Линклар

Тоза табиат

  • Ҳасанжон

АҚШнинг Калифорния штати маъмурияти Лос-Анжелес минтақасида яшовчи ўн миллион аҳолини 20 октябрь куни бир соат давомида электр энергиясидан фойдаланишни чеклашга чақирди. Маҳаллий вақт билан кеч соат 20дан 21га қадар зарур бўлмаган чироқларни кўнгилли равишда ўчиришга даъват қилишдан мақсад электр қувватини тежаш орқали иқлим исишининг олдини олишга ҳисса қўшишдан иборат.

Штат расмийларининг айтишича, Австралиянинг Сидней шаҳрида ўтказилган шундай тадбирда 25 тонна ис гази атмосферага чиқишининг олди олинган. Шунча миқдорда газни 49 минг автомобиль бир соат давомида атмосферага чиқаради.

*** *** ***

Арктика музликлари ўтган асрнинг 70-йилларидан бери ер сунъий йўлдоши орқали кузатиб келинади. Олимларнинг айтишича, жорий йилда Арктикадаги муз қатлами кузатув олиб бориш тарихида энг юпқа даражага келган.

Мутахассислар муз қатламининг юпқалашиб қолгани боис, кемалар шимоли-ғарбий музликлар орқали Атлантика океанидан Тинч океанига бемалол сузиб ўтиши мумкинлигини айтмоқда.

2007 йилги Нобел тинчлик мукофотига номзод қилиб кўрсатилган Шейла Ватт-Клаутиер Арктика иқлими Ернинг бошқа минтақаларига қараганда икки баробар тез суръатда исиётганини билдирди.

*** *** ***

Афғонистонда чорак асрдан кўпроқ вақтдан бери давом этаётган уруш ҳаракатлари мамлакат ўрмонларига салбий таъсир этмоқда. Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош ҳудудидаги Дарқад ўрмони дарахтлари аҳоли томонидан кесилиб, ўтин сифатида ишлатиляпти.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, Кобул ҳукумати ўрмончилик соҳасига етарлича маблағ ажратмаётгани оқибатида дарахтларни кесиш ва ҳайвонларни овлаш давом этмоқда. Ўрмон қўриқчиларига ҳукумат қурол бериши керак, акс ҳолда улар ов қилаётган масъулиятсиз қуролли браконьерларга қарши кураша олмайди.

*** *** ***

Ўзбекистон ўрмонларида дунёнинг бошқа минтақаларида учрамайдиган кўплаб ҳайвон, ҳашарот ва ўсимликлар бор. Мутахассислар агар ўрмончилик соҳаси тўғри йўлга қўйилса, ундан катта даромад олиш мумкинлигини айтади.

Ўзбекистонлик мустақил эколог Аҳтам Шоймардонов ўз мамлакатида вазият бундай эмаслигини билдирди. Мустақил эколог Ўзбекистонда ўрмон хўжалигига тегишли ер майдони қишлоқ хўжалик аҳамиятига эга ҳудудлардан анча катталиги, ҳозир ундан самарали фойдаланилмаётганини таъкидлади.

Унинг фикрича, агар ўрмон ҳудудларидан оқилона фойдаланилса, маҳсулот етиштириш ва ишлаб чиқариш ҳажми бир неча баробар ортиши мумкин.

“Ушбу ҳудудлардан олинаётган маҳсулотлар ҳажмини 3-5 баробар кўпайтириш мумкин. Бунинг учун яхши тизим барпо этиш, ўрмон хўжалигини Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан ажратиш керак бўлади. Олдин ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бўларди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ихтиёрига ўтказилганидан сўнг у вазирлик бошқармасига айланиб қолди. Икки соҳанинг ердан фойдаланиш стратегияси ҳар хил бўлишига қарамай, ҳозир ўрмон хўжалиги ҳудудларидан қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланилмоқда. Қишлоқ хўжалик экинлари, асосан, бир йиллик ўсимликлардан иборат. Ўрмон хўжалиги эса кўп йиллик ўсимликлар, ёғоч тайёрлаш мумкин бўлган дарахтлардан иборат”, – дейди мустақил эколог.

Аҳтам Шоймардонов ҳукумат ўрмон хўжалигини ривожлантиришга етарлича эътибор қаратмаётганини, аммо бунинг учун катта имкониятлар борлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG