Линклар

Явлинский Россияда сталинча сиёсат муҳити яратилишидан хавотирда

  • Озодлик

Россиядаги сиёсий партиялар мамлакат президенти Владимир Путиннинг ваколат муддати тугагандан кейин бош вазир лавозимини эгаллаши эҳтимолига турлича муносабат билдирмоқда.

В.Путин декабрь ойида Давлат думасига ўтказиладиган сайловда “Ягона Россия” партияси номзодлари рўйхатига етакчилик қилишга розилик берган эди. Кремль тарафдори бўлган бу ҳукмрон партиянинг 1 октябрь кунги қурултойида у бош вазир лавозимини эгаллашга ҳам қарши эмаслигини билдирди. Айрим кузатувчилар парламент сайловида “Ягона Россия” етмиш фоиздан кўп овоз олиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

В.Путиннинг бош вазир лавозимини эгаллаши 2008 йил мартида иккинчи президентлик муддати тугагандан кейин ҳам унга ҳокимият тепасида қолиш имкониятини яратади.

Мухолифатдаги “Ўнг кучлар иттифоқи” партияси, асосан, технократ ва профессионал мутахассислардан иборат. Мазкур партия фуқаровий жамият ривожланиши ва шахсий ҳуқуқлар ҳимояси кучайтирилиши тарафдори. Бу партия Кремль сиёсатига қарши бўлишига қарамай, унга Кремль тарафдори бўлган Анатолий Чубайснинг таъсири кучли.

В.Путин депутатликка ўз номзодини қўйишини эълон қилишдан олдин Левада тадқиқот маркази ўтказган сўров натижалари бу партия сайловчиларнинг 2 фоиз овозини олиши мумкинлигини кўрсатди.

“Мухолифат партияси сифатида биз мамлакатда амалга оширилаётган ишлардан норози бўлган фуқаролар бизга овоз беришига умид қиламиз. Партиямиз сайловчилари зиёлилар. Улар вазиятдан жуда яхши хабардор кишилар. Шунинг учун “Ягона Россия”, ҳукумат ва президент ҳаммаси бир эканини улар яхши билади”, – дейди “Ўнг кучлар иттифоқи” раҳбари Никита Белих.

“Бирлашган фуқаролик фронти” раҳбари Гарри Каспаров сентябрь ойида “Ўзга Россия” сиёсий блокидан президентликка номзод бўлиш ваколатини қўлга киритди.

“Бирлашган фуқаролик фронти” яқинда тузилган бўлиб, асосан, В.Путин юритаётган сиёсатга қаршилардан иборат. “Бирлашган фуқаролик фронти” рўйхатга олинмагани сабабли декабрь ойидаги сайловда қатнаша олмайди.

Шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Гарри Каспаров В.Путиннинг бош вазир бўлиш қарорига муносабат билдириб: “Воқеалар турли йўналишда ривожланиши мумкин. Аммо бир нарса аниқ. Путин ҳокимият тепасида қолиб, вазиятни назорат қилишни хоҳлайди. У сиёсий мунозарада иштирок этаётган маълум гуруҳ вакили. Собиқ президент Борис Ельцин бундай қилмаган эди. Ельцин “мамлакат президенти барча россияликларнинг отаси” тизимига асосланган эди. У сиёсий жараёнларда бевосита қатнашмас эди. Путин эса, юмшоқ айтадиган бўлсак, собиқ ГДРдаги каби бир партиявийлик диктатура тизимини яратишга уриняпти”, – деди.

Григорий Явлинский 1995 йилдан бери “Яблоко” партиясига раҳбарлик қилиб келмоқда. Мухолифатдаги бу партия, асосан, инсон ҳуқуқлари, фуқаровий жамият, қонун устиворлиги ва шахс эркинликларини ҳимоя қилиш муаммоларига жиддий эътибор қаратади. Г.Явлинский В.Путин қабул қилган қарордан эмас, балки мамлакатда сталинча режим муҳитининг яратилишидан кўпроқ хавотирда эканини билдирди.

“Агар бу сиёсатга айланса, агар “Ягона Россия” партияси ўз ячейкалари билан мамлакат бошқарув тизимини қўлга киритса, бу жуда нохуш воқеаларга муқаддима бўлади”, – дейди “Яблоко” партияси раҳбари.

Россия либерал демократик партияси 1989 йилда ташкил этилгандан бери унга Владимир Жириновский етакчилик қилади. Рус миллатчиларидан ташкил топган бу партия Россия марказдан бошқарилиши ҳамда мамлакатда рус миллати ҳукмрон бўлиши тарафдори. Расман мухолифат партияси бўлишига қарамай, РЛДП доим Кремль расмийлари манфаати учун овоз беради. Левада тадқиқот маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, РЛДП парламент сайловида 11 фоиз овоз олиши мумкин.

“Улар, яъни “Ягона Россия” 45 фоиз овозни оқлай олиши мумкин. Путинсиз уларнинг рейтинги 25 фоизни ташкил этган. Ҳозир улар катта қийинчилик билан овозларнинг ярмини олган бўларди. Овозларнинг қолган ярмини РЛДП ва Коммунистик партия олади. “Адолатли Россия” умуман овоз олмаслиги мумкин. Чунки бу партия ҳокимиятдаги иккинчи йирик партия бўла олмади”, – дейди Владимир Жириновский.
XS
SM
MD
LG