Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:06

Бишкекда чегараларни бошқариш масаласи муҳокама этилди


Бишкекда биринчи марта Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон расмийлари Еврокомиссия вакиллари иштирокида минтақа чегараларини бошқариш масаласини муҳокама этди.

Анжуман ташкилотчиларининг тушунтиришича, чегарани бошқариш, деганда қўриқлаш тизимини, чегара инфратузилмасини мукаммаллаштириш, аҳолининг чегарадан ўтишини тартибга солиш, гиёҳвандлик моддаларига қарши кураш, чегара ҳудудларида савдо ва иқтисодни ривожлантириш каби масалалар назарда тутилади.

Марказий Осиёда давлатлари чегаралари бошқарувини мукаммаллаштириш масаласи Европа Иттифоқида ҳам анча вақтдан буён муҳокама этиб қилинади. Австрияда бу масала бўйича бир неча анжуман ҳам ўтказилган.

Бишкекдаги йиғинга ташриф буюрган Еврокомиссия делегацияси раҳбари Андриан ван дер Меернинг билдиришича, Ғарб давлатлари минтақа чегаралари бошқарувини таъминлаш учун маблағ ажратишга тайёр.

“Биз чегараларни бошқаришни мукаммаллаштиришга 15 миллион евро, чегарада наркотикларга қарши кураш учун 12 миллион евро, жами 27 миллион евро ажратмоқчимиз”, - деди ЕИ расмийси.

Унинг айтишича, 2010 йилгача минтақа мамлакатларига бу маблағнинг 19 миллиони берилиши режалаштирилган. Айни пайтда ЕИнинг бу маблағни ўзлаштиришга қўйган бир қатор талаблари ҳам бор.

“Энг аввало, Ғарб-Марказий Осиё йўлагини ривожлантиришни талаб қилмоқдамиз. Яъни бу Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Оқтов портигача бўлган йўлакдир. Иккинчидан эса Шарқ, Ғарб ва Фарғона водийси йўлагини ривожлантиришни таклиф этмоқдамиз. Учинчи йўлак эса Тожикистон-Афғонистон чегарасидан ўтиши зарур. Бу чегара йўлакларини энг замонавий салоҳиятга эга бўлган кучлар қўриқлаши лозим ва энг асосийси, Ғарб – Марказий Осиё йўлаги инфратузилмаси, жумладан, автомобиль магистралини қайта қуриш зарур. Негаки, бу йўлак Марказий Осиёни Европа билан боғлайди”, - деди Андриан ван дер Меер.

Анжуман ташкилотчиларининг ишонтиришича, молиявий масала ва Ғарбнинг кўмаги йиғин кун тартибининг бир қисми, холос. Бундан ташқари, минтақа давлатлари ҳамкорликда ҳал этиши лозим бўлган юзлаб масалалар мавжуд. Улардан бири мина майдонлари муаммосидир.

Ўзбекистон бир томонлама тартибда Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларини миналаштирган. Бундан бир неча йил аввал Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасидаги мина майдонларини зарарсизлантиришга ваъда берган эди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Эрик Асаналиев анжуманда мина майдонлари масаласи ҳам кўтарилганини маълум қилди.

“Бу биринчи анжуман бўлгани учун ҳам унда шу каби масалаларни ҳал этишга тайёрмизми ёки йўқми, деган принципиал масала кўтарилди. Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон делегациялари мина майдонлари масаласини муҳокама этишга тайёр эканини билдирди. Демак, бу масала 2008 йилда ўтадиган анжуманда амалий тарзда муҳокама этилади”, - деди Эрик Асаналиев.
XS
SM
MD
LG