Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:23

Тожикистон енгиллаштирилган виза тартибини бекор қилмоқчи


Тожикистон ҳукумати 68 давлат фуқаролари учун виза тартибини енгиллаштириш тўғрисида ўтган йил кузда қабул қилган қарори ноябрь ойидан бошлаб бекор қилинишини билдирди.

Тожикистон ҳукумати халқаро молиявий муассасалар ва донор мамлакатлар таклифи асосида виза тартибини енгиллаштирган эди. Бунинг эвазига таклиф муаллифлари Душанбе аэропортида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги консуллик бўлимини халқаро стандартларга мослаб қуриб беришни ваъда қилганди. Аммо улар ваъдани бажармаганидан кейин Тожикистон ҳукумати енгиллаштирилган виза тартибини бекор қилишини эълон қилди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Тожикистондаги вакиллиги раҳбари Мэтю ле Блана расмий Душанбенинг бу хулосаси банк ходимлари учун катта муаммолар яратиши мумкинлигини билдирди. У ўтган ҳафтада Тожикистон ҳукуматидан аксарияти британияликлар бўлган банк ходимлари учун виза беришда имтиёзли шароит яратишни сўради.

“Идорамиз маркази Буюк Британияда бўлиб, аксарият ходимларимиз ва экспертларимиз ўша мамлакат фуқароларидир. Шу сабабли ҳам агар соддалаштирилган виза тартиби бекор қилинса, бу ходимларимиз учун катта муаммолар яратиши табиий”, - деди Мэтю ле Блана.

Тожикистон инглиз фуқаролари учун виза тартибини соддалаштиришга тайёр, аммо бунинг учун Буюк Британиядан Душанбеда консуллик бўлимини очишни сўрамоқда.

“Икки давлат фуқаролари учун бир хил шароит муҳайё этилиши лозим. Тожикистонда Буюк Британия элчихонаси бор, аммо консуллик бўлими йўқлиги сабабли Буюк Британияда таҳсил олувчи тожик фуқаролари Олмаотага бориб виза олишига тўғри келмоқда. Бу эса вақт ва маблағ талаб қилади. Агар Буюк Британия бу муаммоларни ҳал этса, албатта, британиялик фуқаролар учун биз томондан ҳам зарур шароитлар яратилади. Чунки биз бу давлат билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдоримиз”, - деди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Давлат Назриев.

Таҳлилчилар эса сўнгги вақтларда Тожикистон ва Буюк Британия муносабатлари яхши эмаслигига эътибор қаратмоқда.

Мустақил журналист Сафо Сафаров Тожикистонда Буюк Британияга тегишли компаниялар фаолиятини чеклаш ҳоллари кўп кузатилаётганини билдирди.

“Би Би Си” форс хизматининг Душанбедаги бўлими эшиттиришлари FM тўлқинидан олиб ташлангани, британиялик компаниялардан бирига сотилган “Тожиккимёсаноат” корхонасига эълон қилинган халқаро тендер натижалари Тожикистон ҳукумати томонидан бекор қилингани, британияликлар ихтиёридаги “Зарафшон” қўшма корхонаси жорий йил июлида улардан олиниб, хитойликларга топширилгани фикримизнинг далилидир”, - деди Сафо Сафаров.

Унинг таъкидлашича, муаммо икки давлат юқори идораларида туғилмаяпти, балки давлат бошқарувининг қуйи бўғинида мавжуд коррупция ва бюрократия ўзаро муносабатларнинг тобора совушига шароит яратиб беряпти.

Сафо Сафаров ўтиш даврини бошдан кечираётган Тожикистон нафақат Буюк Британия, балки Европанинг бошқа давлатлари билан ҳам муносабатларини мустаҳкамлашга интилиши зарурлигига урғу берди.
XS
SM
MD
LG