Линклар

Каримовни либерал демократ, дейиш мумкинми?

  • Сарвар Усмон

Кўпчиликнинг ва ҳукмдорлик функцияларини амалга ошириш учун сайланганларнинг ваколатлари озчиликнинг ва алоҳида шахсларнинг эркинликларини таъминлаш учун чекланадиган ҳуқуқий давлат либерал демократик ҳисобланади.

Яъни, масалан, бир оддий намозхон фуқаро намозини бемалол ўқиб олишига 10 даҳрий ҳукмдор халақит бермаслиги керак.

Либерал демократия, дегани шу.

Мисол келтириш учун намозхонларни бежиз танламадик.

“Uznews.net” сайтининг хабар қилишича, куни-кеча Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида яна 5 киши “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда айбланиб қамоққа олинган.

Икки давлатга бўлиниб қолган битта шаҳарнинг Қирғизистонга қарашли қисмида истиқомат қилувчи инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилёрбек мазкур хабарга муносабат билдирар экан, бир ой муқаддам ҳам элликка яқин киши диний сабаблар билан ушланганини маълум қилди.

Бошқа бир қорасувлик бу йигитларнинг олти нафари ҳали ҳам ҳибсда сақланаётганини билдирди.

Куни-кеча қўлга олинганлар эса Авазбек Тўйчиев, Аввалбек Абдуллаев, Камол Туробиддинов, Муҳаммадсобир Қосимов ва Миробиддин Алқосимовдир. Бу йигитларнинг энг ёши 21, энг каттаси 29га кирган. Бири ўқитувчи, бири ишсиз, яна бири оддий ишчи.

Бирининг печкасидан варақанинг кули топилганмиш. Қўлга олинган Аввалбек Абдуллаевнинг хотини кул бошқа қоғоздан ҳам тушади-ку, деса мелисалар кўнмасмиш.

“Бундай бўлганига ҳайрон қолмасаям бўлаверади, - дейди қорасувлик Дилёрбек. - Миллий хавфсизлик ходимлари ҳатто тўйларни тасвирга оладиган оператор болаларга никоҳ маросимларини тасвирга туширмасликни тайинлабди”.

Дилёрбекнинг фикрича, Ўзбекистон раҳбарини либерал демократ, деб бўлмайди.
XS
SM
MD
LG