Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:57

МДҲ ташқи ишлар вазирлари Душанбеда тўпланди


Тожикистонда яқинда бўлиб ўтадиган МДҲ саммити доирасида Душанбеда Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда вазирлар МДҲга аъзо мамлакатларнинг миграция сиёсати, уюшган жиноятчиликка қарши кураш, ҳарбий-техникавий, фан ва таълим каби соҳалардаги ҳамкорлигига доир масалаларни муҳокама этди. Ёпиқ эшиклар ортида ўтган йиғилишда МДҲ мамлакатларининг кейинги ривожи концепцияси ва бу борадаги режаларни амалга оширишга оид тадбирлар борасида ҳам фикр алмашилди.

Йиғилишга раислик қилган Қозоғистон ташқи ишлар вазири Марат Тажин учрашувда 24 банддан иборат ҳужжатлар лойиҳаси ҳам кўриб чиқилганини билдирди.

“Улардан энг муҳими МДҲнинг барча мамлакатлари учун катта аҳамиятга эга бўлган миграция сиёсатига доир ҳужжат лойиҳасидир. Ташкилотга аъзо давлатларнинг миллионлаб фуқаролари меҳнат муҳожирига айланган айни пайтда улар саломатлиги ва ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида жиддийроқ бош қотириш вақти етган, деб ўйлайман”, - деди Марат Тажин.

Йиғилишда хавфсизликка доир масалалар, жумладан, уюшган жиноятчилик ва халқаро терроризмга, наркотик моддалар ноқонуний савдосига қарши кураш бўйича ҳамкорликни такомиллаштиришга эътибор қаратилди.

Марказий Осиё минтақасидаги айрим давлатлар ўртасида мавжуд виза тартиби вазирлар муҳокама этган режаларнинг амалга ошишига тўсқинлик қилмайдими?

Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий бу саволга жавоб берар экан, йиғилишда виза масаласи, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги виза тартиби масаласи муҳокама қилинмаганини билдирди. Бироқ у бу масала Ўзбекистон томони билан, албатта, кўриб чиқилиши ва ижобий ҳал этилиши мумкинлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG