Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:00

Қозоқчани билмаган тожиклар ўқишдан ҳайдалди


Қозоқ тилидаги фанлар бўйича имтиҳон топшира олмагани сабабли Олмаота шаҳридаги олий ўқув юртларида грант асосида таҳсил олаётган тожикистонлик олти талаба ўқишдан ҳайдалди.

Тожикистонлик талабалар тожик тили туркий тиллар оиласига кирмаслиги, туркий тил бўлмиш қозоқчани ўрганиш ўзлари учун оғир кечаётганини баҳона қилмоқда.

Аммо Қозоғистон олий ўқув юртлари раҳбарияти мамлакатдаги давлат тилини билиш нафақат хорижий, балки маҳаллий талабалар учун ҳам мажбурий эканини маълум қилди.

“Ҳар бир хорижий талаба ўзи ўқиётган давлат тилини билиши керак. Бу шу мамлакат халқи, маданияти ва тилига ҳурмат белгисидир”, - дейди Олмаота давлат университети ўқитувчиларидан бири.

Қозоғистон олий ўқув юртларида Ўзбекистондан ҳам кўплаб талаба таҳсил олади.

“Биз тил муаммосига дуч келмаганмиз. Қозоқ тили ўзбекчага анча яқин. Ўзимиз шу тилда гаплашишга ҳаракат қиламиз. Қолаверса, бу ўқиётган давлатимизга ҳурматни ҳам англатади”, - дейди Қозоғистон-Америка иқтисодий режалаш халқаро университети талабаси тошкентлик Зарифа.

Яна бир ўзбекистонлик талаба Азиз эса қозоқ тилини ўз хоҳиши билан ўзлаштиргани, киши қанча тилни билса, шунча халққа яқин бўлишини билдирди. Қолаверса, унинг айтишича, Қозоғистонда кўп тилни билиш яхши иш топиш имкониятини ҳам оширади.

“Рус, чечен миллатига мансуб жуда кўп талабалар қозоқчани ўрганяпти. Ҳатто яҳудий талабалар ҳам қозоқчани жуда яхши ўзлаштиргани гувоҳи бўляпмиз”, - дейди Азиз.

Тожикистонлик талабалар масаласига эса бу мамлакатнинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳам аралашди. Тожикистон элчиси Олмаотадаги олий ўқув юртлари раҳбарияти билан музокаралар ўтказиб, тожикистонлик талабалар тез орада қозоқ тилини ўрганишига ваъда берди ва уларнинг ўқишни давом эттириши учун яна бир имконият берилишини сўради.
XS
SM
MD
LG