Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:17

Қирғизистон Ўзбекистонга сув беришни тўхтатди


Қирғизистон Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув беришни муддатидан олдин тўхтатди. Бу ҳақда Қирғизистон сув-энергетика вазири Игор Чудинов мамлакат парламентида қилган чиқишида маълум қилди.

Депутатлар вазирни Ўзбекистонга сув беришни жуда кеч тўхтагани учун танқид қилди.

“Сувни уларга керак бўлмай қолган бир пайтда тўхтатгансиз. Август ойида Ўзбекистонга сув жуда зарур эди. Нега ўша пайтда сув тўхтатилмади? Энди Ўзбекистон ўз эхтиёжини қондириб бўлди. Шундан келиб чиқиб, расмий Тошкент Қирғизистонга бериладиган газ нархини кўтариб юборади. Агар сув август ойида тўхтатилганида эди, Қирғизистон Ўзбекистон билан газ борасида қирғизлар учун манфаатли бўлган шартномани имзолаган бўлар эди”, - деди депутат Қамчибек Ташиев.

Игор Чудиновнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистонга мазут ва кўмир сотишни тўхтатиб қўйиши мумкинлиги сабабли август ойида уларга сув бериш тўхтатилмаган.

“Позициямиз қатъий бўлиши учун биз кўмир ва мазут захирасига эга бўлишимиз зарур. Бугун бундай захира мавжуд ва Ўзбекистондан газ сотиб олиш борасида ўтказиладиган музокараларда биз ортга чекинмаймиз”, - деди Игор Чудинов.

Депутат Алмамбет Матубраимов Қирғизистон сув-энергетика захираларидан ҳамкорликда фойдаланиш таклифини рад этиб келаётган қўшни давлатларни сувни сотиб олишга мажбур қилиши кераклигини айтар экан: “Қурғоқчилик йиллари бўлмоқда. Қурғоқчиликдан фойдаланиб, электр энергиясинигина эмас, сувни ҳам сотишни йўлга қўйишимиз керак”, - деди.

Бунга жавобан Игор Чудинов ноябрь ойида Ўзбекистон билан сувни сотиш борасида музокаралар бўлиб ўтишини маълум қилди.

Қирғизистон Тожикистон билан ҳамкорликда ўн йилдан бери сувни қўшни давлатларга сотиш режасини таклиф қилиб келмоқда. Қозоғистон бу таклифни ривожлантириб, Марказий Осиё сув-энергетика консорциумини ташкил этиш ғоясини ўртага ташлаган эди. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати сувнинг сотилишига кескин қаршидир.

Қирғизистонлик мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, Қирғизистон Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув етказиб берувчи сув омборларини таъмирлаш, уларни иш фаолиятида сақлашдан йилига 150 миллион доллар зарар кўрмоқда.
XS
SM
MD
LG