Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:49

Божасига тортдимикин?


Президент Нурсултон Назарбоевнинг собиқ тўнғич куёви Роҳат Алиев мамлакат сиёсий ҳаёти ва бизнесдан четлаштирилгач, сўнгги вақтларда Қозоғистон матбуоти унинг ўртанча куёви Тимур Қулибоевга кўпроқ эътибор қарата бошлади.

Куни-кеча мухолифатдаги “Ташжарған” газетаси шу пайтгача сояда бўлиб келган Т.Қулибоевнинг бизнеси ва шахсий ҳаётига оид шов-шувли маълумотлар келтирилган мақолани чоп этди.

“Тимур ва унинг командалари” сарлаҳали мақолада ёзилишича, Т.Қулибоев мамлакат нефть ва газ тармоғини назорат қилади. Ўзини собиқ божасига нисбатан босиқ тутаётган Т.Қулибоев аслида сояда қолаётган бўлса-да, у тўплаган катта капитал сиёсий очко йиғишига кўмак бермоқда.

Сиёсатшунос Айдос Саримов сўзларига кўра, Т.Қулибоевнинг умуман президентликка даъвоси йўқ, деб бўлмайди. Аммо у ўзи атрофида юзага келаётган жанжаллардан хавфсираши даркор. Ҳозир Т.Қулибоевнинг ноқонуний бизнесга аралашиш ва давлат амалдорларига босим ўтказиш каби ишларга алоқадорлиги айтилмоқда. Р.Алиев билан боғлиқ воқеалардан сўнг унинг ҳам шундай қилиқлари Н.Назарбоевнинг ғазабини келтириши эҳтимолдан холи эмас.

“Бунинг оқибатида Т.Қулибоев нафақат президентликка бўлган яширин даъвоси, балки йиллар давомида тўплаган йирик капиталини ҳам қўлдан бой бериши мумкин. У шундан хавфсирамоқда”, - дейди Айдос Саримов.

“Ташжарған”да Т.Қулибоевнинг хорижда истиқомат қилаётган жазмани Гавҳар Ашкенази билан боғлиқ баъзи маълумотларга алоҳида эътибор қаратилган.

Унда айтилишича, асли Жамбил вилоятидан бўлган Г.Ашкенази Оксфорд университетини тамомлаган, хорижлик кўпгина корчалонларга ўзини Қозоғистон президентининг қизи, деб таништириб, уларнинг маблағини ўзлаштирган, АҚШ фуқароси Стефан Ашкеназининг расмий рафиқаси бўла туриб, Т.Қулибоев билан ишқий алоқада бўлган. Т.Қулибоев жазманига Лондон ва Москвада ҳар бири 50 миллион доллар турадиган уй харид қилган, “Олтин олмос” корпорацияси ва “Казтурборемонт” заводининг ҳар биридан 5 фоиз акцияларни унинг номига ўтказган. Г.Ашкенази Тимур Қулибоевдан фарзанд кутаётгани боис, у ва рафиқаси Динара Назарбоевага тегишли капиталнинг тенг ярмига даъво қилмоқда.

Ҳозирча Т.Қулибоевнинг хотини Д.Назарбоева бу маълумотларга расмий муносабат билдиргани йўқ. Билдирмаслиги ҳам мумкин. Чунки Динара опаси Дариғага қараганда ўзини оммадан четда тутади ва расмий баёнотлар қилишни хуш кўрмайди.

“Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина агар Т.Қулибоевнинг жазмани ва ноқонуний бизнеси ҳақидаги хабар тасдиқланса, у собиқ божаси каби мамлакат президентининг қаҳрига дучор бўлиши мумкинлигини билдирди.

“Чунки Н.Назарбоев ўз фарзандлари тақдиридан қайғурадиган ота сифатида уларни хафа қилдириб қўймади. У Т.Қулибоевга қарши қандайдир чоралар ҳам кўриши мумкин”, - дейди Розлана Таукина.

“Форбс” журнали маълумотига кўра, Тимур Қулибоев ва Динара Назарбоеванинг умумий капитали 4,2 миллиард доллардир.
XS
SM
MD
LG